ЖАННАТИЙ ИНСОН ЭДИ

Bosh sahifa / Axborot xizmati
Устозимиз, дўстимиз, суянганимиз Кенжабой Артиқов бугун орамизда йўқ, аммо уларнинг қилган ишлари ҳамиша бизга қуёш сингари нур сочиб туради.

Кенжабой ака 1947 йилда Хонқа туманида туғилган. 1970 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини муҳандис-гидротехник йўналишида тамомлаб, “Хоразмсувқурилиш” трестига қарашли Янгиариқ кўчма механизациялашган жамланмасига қурилиш устаси бўлиб ишга кирган. Етти йил давомида ишлаб чиқариш техника бўлимининг муҳандиси, бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган. 
1977-1982 йилларда Хонқа тумани сув хўжалиги бошқармасига, 1982-1992 йилларда вилоят гидрогеология ва мелиорация экспедициясига, 1992-1996 йилларда  вилоят сув хўжалиги бошқармасига раҳбарлик қилган. 

1996-1997 йилларда вилоят Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи, 1997-2003 йилларда Хонқа тумани ҳокими, 2003-2009 йилларда Қуйи Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлган, 2009-2024 йилларда “Сувхўжаликназорат” инспекциясининг Хоразм вилояти бош инспектори лавозимларида меҳнат қилган.

Ҳаётининг сўнгги пайтларида “Амударё Чапқирғоқ” ҳимоя дамба бошқармасида муҳандис бўлиб ишлаб, ўз тажрибасини ёшларга ўргатиб келаётган эди. 

Кенжабой акани Хоразмда танимаган одам йўқ эди, десак муболаға эмас. Тажрибали ва фидойи ходим, шижоатли ва ташаббускор раҳбар сифатида самарали меҳнат қилиб, фаолияти давомида Хоразм вилоятининг экин майдонларини сув билан таъминлаш, ирригация-мелиорация тармоқларини ишчи ҳолатга келтириш, ерларнинг шўрланишини олдини олиш, мелиоратив ҳолатларини яхшилаш ҳамда сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ишларига беқиёс ҳисса қўшди. 

Хоразм вилоятининг қарийб 72 фоиз қишлоқ хўжалиги  экин майдонлари “Тошсоқа” магистрал канали орқали сув билан таъминланади. Кўп йиллар фойдаланилиши натижасида лойқалар чўкиб, каналнинг сув ўтказиш қобилияти пасайиб кетди, қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан таъминлашда муаммолар юзага кела бошлади. Айнан Кенжабой ака ушбу муаммоларни ҳал қилиш ташаббускори бўлди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 6 ноябрдаги ПҚ-1849-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 августдаги 282-сонли қарорларига асосан "Хоразм вилояти Тошсоқа тизимидаги магистраль суғориш каналларини қайта тиклаш” лойиҳаси 2013-2021 йилларда амалга оширилди. Лойиҳанинг қиймати 145,47 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, Ислом тараққиёти банки кредит маблағлари ҳисобидан  90,37 млн. АҚШ доллари ва Ўзбекистон Республикаси бюджет маблағлари ҳисобидан 55,1 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағлар сарфланди. 214,6 км каналлар бетонлаштирилди, 98,6 км каналлар реконструкция қилинди, 811 та сув иншоотлар янгидан қурилди ва реконструкция қилинди. Натижада вилоятдаги 266,0 минг гектар ер майдонларидан 191,3 минг гектарининг сув таъминоти яхшиланиб, шундан 100 минг гектар ер майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилди. 

У кишининг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, 1996 йил “Шуҳрат” медали, 2000 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2015 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва 2022 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” фахрий унвони билан мукофотланган.

Кенжабой ака интервьюларидан бирида “Умримни сув хўжалиги соҳаси билан боғлаб ҳеч ҳам афсусланмадим. Бундан кейин ҳам, қўлимдан келганча, ушбу соҳа ривожига нафақат мен, балки яқинларим, фарзандларим, шогирдларим ҳисса қўшишда давом этамиз”, – деган эди. 

Албатта, биз шогирдлари у кишининг ишларини давом эттирамиз. 

Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ жамоаси


Saytda xatolik ko'rsangiz, matnni belgilab Ctrl+Enter tugmalarini bosing.
Izoh qoldirish
Izohlar (0)