Ўрганиш давомида фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан кўтарилган муаммолар жойида таҳлил қилиниб, хулоса ва тавсиялар берилди.
Жумладан, Амударё ҳимоя дамбалари бошлиғи ўринбосари Ж.Машарипов ҳамда ушбу ташкилот Хонқа тумани бўлими бошлиғи Х.Алламовлар иштирокида Хонқа туманидаги “Faunani saqlash” МЧЖ ҳудудидаги балиқчилик ҳовузларини сув билан таъминлаш масаласи кўрилди. Бунда Амударёда сув сатҳи пастлиги сабабли вақтинчалик ечим сифатида ер ости сувларидан - диаметри 110 мм.лик қувур орқали - фойдаланиш тавсия этилди.
Шунингдек, Ҳазорасп туманидаги “Ғофур Руҳия” ва “Соли Туркман” фермер хўжаликлари насос станцияларини кўчириш ҳамда коллектордан сув олиш бўйича мурожаатлари ўрганилиб, техник хулосалар асосида иш кўриш юзасидан тушунтиришлар берилди.
“Юсуп боззоз ўғли” хўжалигидаги насос станциясига сув келишини таъминлаш учун 1 500 метр масофада қазиш ишларини ўтказиш зарурлиги аниқланди. Мазкур ишлар қирғоқ ювилишининг олдини олиш мақсадида олимларнинг илмий хулосаси олингандан сўнг Давлат дастурига киритилиши белгиланди.
Янгиариқ тумани “Сапор сурнайчи” фермер хўжалигининг коллекторда насос ўрнатиш бўйича таклифи кўриб чиқилди ва тегишли техник талаблар асосида рухсат берилиши тушунтирилди.
Бундан ташқари, ўрганиш натижаларига кўра, ҳудудларда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва юзага келган муаммоларни илмий-техник ечимлар асосида ҳудудда бажариладиган ишлар кўлами юзасидан тавсиялар берилди.Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати





