СУВ ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИДА АЛОҲИДА ИЛМИЙ ЁНДАШУВ АСОСИДАГИ ТАДБИРЛАР

Bosh sahifa / Axborot xizmati
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги ПҚ-47-сон Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти (ИСМИТИ) ходимлари ҳудудларга бириктирилиб, илмий-амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Э.Нурметов томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасига асосан жорий йилнинг 20-24 апрель кунлари ИСМИТИ Хоразм минтақавий маркази илмий ходимлари томонидан Қўшкўпир, Урганч, Янгибозор ва Янгиариқ туманларида сув хўжалиги тизимини рақамлаштириш, суғориш тармоқларида сув исрофини пасайтириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича илмий кузатув ишлари бажарилди. 
Хусусан, илмий кузатув ишлари якуни бўйича Урганч тумани фермер хўжаликларига сув тежовчи технологияларни жорий этиш юзасидан зарур тавсиялар берилиб, илмий ходимлар томонидан суғориш мавсумида амалий ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. 
Шунингдек, Янгибозор туман фермер хўжаликлари ҳисобидаги ички суғориш тармоқларини бетонлаш ишларининг ташкил этилиши бўйича илмий кузатув ишлари натижаси юзасидан кузги бетонлаш ишларини лойиҳа ҳужжатига кўра бажариш ёки мутахассислар ёрдамида бетонлаш - ер, канал туби ва сув сатҳларини эътиборга олган ҳолда ишчи чизмалар асосида белгиланган тартибда амалга ошириши юзасидан тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, ИСМИТИ Хоразм минтақавий маркази илмий ходимлари томонидан илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Қўшкўпир тумани ҳудудидаги “Тоғай-ёп” каналининг ПК 0+00 қисмидаги бош гидротехник иншоотда - 2 та ровоқдан иборат; сув ўтказиш қобилияти 8 м³/с -  гидротехник затворлар ишини автоматлаштириш мавзусидаги илмий-амалий лойиҳани амалга ошириш ишлари режалаштирилган.
Ҳозирги кунда гидроиншоот затворлари (дарвозалари) қўлда бошқарилади. Илмий лойиҳанинг якуний натижалари асосида “Тоғай-ёп” каналидаги гидротехник иншоотларни автоматлаштириш республика сув хўжалиги тизимларида рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга муносиб ҳисса қўшади. 

Шу билан бирга, Марказ илмий ходимлари томонидан Янгиариқ туманида “Озёрний” коллектори орқали суғориладиган ҳудудда тарқалган қумлоқ тупроқлар шароитида мақбул экин турларини аниқлаш, оборотдан чиққан ерларни қишлоқ хўжалиги айланмасига қайта киритиш бўйича илмий лойиҳани амалга ошириш борасида ҳудуд тупроқ шароитлари, сув таъминоти билан боғлиқ маълумотлар ўрганилиб, ушбу маълумотлар таҳлили асосида тадқиқот ҳудуди шароитида коллектор сувларидан фойдаланган ҳолда мазкур ҳудуд тупроқлари учун мос келадиган қишлоқ ҳўжалиги экинларини танлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади. 

Одилбек Эшчанов, 
Ирригaция ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг 
Хоразм минтақавий маркази директори


Saytda xatolik ko'rsangiz, matnni belgilab Ctrl+Enter tugmalarini bosing.
Izoh qoldirish
Izohlar (0)