Жами 13 нафар талабадан 9 нафари биринчи босқичда - 11 майдан, қолган 4 нафари эса ҳарбий тайёргарлик машғулотларида бўлганлиги сабабли иккинчи босқичда – 2026 йилнинг 2 июль кунидан амалиётларни бошлашади.
Учрашув давомида дуал таълимни ташкил этиш юзасидан бошқарма бошлиғи Э.Нурметов, вилоят ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича илмий маслаҳатчиси Б.Матёқубов, бошқарма бош мутахассиси Д.Кенжаев ҳамда ёшлар масалалари бўйича масъул ходим А.Тахировлар томонидан тушунтиришлар бериб ўтилди.
Жумладан, сув хўжалиги соҳасидаги барча тадбирлар туманлар “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари томонидан амалга оширилаётганлиги, шунингдек, келгусида битирувчилар кўп ҳолларда ўзлари истиқомат қилаётган туманларда меҳнат фаолиятини олиб бориш истагини билдиришларини инобатга олиб, уларни ишлаб чиқариш амалиёти учун ўз туманларига жалб қилиш юқори самара бериши таъкидланди.
Шу билан бир қаторда, давлат муассасасидан бириктириладиган ходим талаба билан биргаликда амалиёт даврида бажариладиган ишлар бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиши ва тасдиқлатиши лозимлиги белгилаб олинди.Шунингдек, давра суҳбати чоғида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
Учрашув сўнггида профессор Б.Матёқубов ўз сўзини тугатаркан, “Туманлардаги амалий жараёнлар илм билан етарлича таъминланмас экан, кутилган натижага эришиш қийин. Мақсадимиз - назарий билимларни бевосита дала бошидаги амалиёт билан мустаҳкам боғлаб, сув хўжалигининг янги қиёфасини яратишдир. Илм ва тажриба бирлашган жойда барака бўлади!”, деди.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати





