Баҳоуддин Нақшбанд бобомиз бежиз: “Дилинг – Аллоҳда, қўлинг – меҳнатда бўлсин”, демаган. Ҳалол меҳнат, касб-кор киши умрини узун, ризқини бутун қилади.



1977-1982 йилларда Хонқа тумани сув хўжалиги бошқармасига, 1982-1992 йилларда вилоят гидрогеология ва мелиорация экспедициясига, 1992-1996 йилларда вилоят сув хўжалиги бошқармасига раҳбарлик қилган.
1996-1997 йилларда вилоят Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи, 1997-2003 йилларда Хонқа тумани ҳокими, 2003-2009 йилларда Қуйи Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари бўлган, 2009-2024 йилларда “Сувхўжаликназорат” инспекциясининг Хоразм вилояти бош инспектори лавозимларида меҳнат қилган.
Ҳозирги кунда “Амударё Чапқирғоқ” ҳимоя дамба бошқармасида фаолият кўрсатмоқда.
Меҳнатлари муносиб баҳоланиб, 1996 йил “Шуҳрат” медали, 2000 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2015 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва 2022 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” фахрий унвони билан мукофотланган.
К.Ортиқов тажрибали ва фидойи ходим, шижоатли ва ташаббускор раҳбар сифатида самарали меҳнат қилиб, фаолияти давомида Хоразм вилоятининг экин майдонларини сув билан таъминлаш, ирригация-мелиорация тармоқларини ишчи ҳолатга келтириш, ерларнинг шўрланишини олдини олиш, мелиоратив ҳолатларини яхшилаш ҳамда сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ишларига беқиёс ҳисса қўшди.
Хоразм вилоятининг қарийб 72 фоиз қишлоқ хўжалиги экин майдонлари “Тошсоқа” магистрал канали орқали сув билан таъминланади. Кўп йиллар фойдаланилиши натижасида лойқалар чўкиб, каналнинг сув ўтказиш қобилияти пасайиб кетди, қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан таъминлашда муаммолар юзага кела бошлади.
Айнан Кенжабой ака ушбу муаммоларни ҳал қилиш ташаббускори бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 6 ноябрдаги ПҚ-1849-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 августдаги 282-сонли қарорларига асосан "Хоразм вилояти Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш” лойиҳаси 2013-2021 йилларда амалга оширилди.
Лойиҳанинг қиймати 145,47 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, Ислом тараққиёти банки кредит маблағлари ҳисобидан 90,37 млн. АҚШ доллари ва Ўзбекистон Республикаси бюджет маблағлари ҳисобидан 55,1 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағлар сарфланди.
214,6 км каналлар бетонлаштирилди, 98,6 км каналлар реконструкция қилинди, 811 та сув иншоотлар янгидан қурилди ва реконструкция қилинди.
Натижада вилоятдаги 266,0 минг гектар ер майдонларидан 191,3 минг гектарининг сув таъминоти яхшиланиб, шундан 100 минг гектар ер майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилди.
Бугунги кунда 16 нафар набиранинг бобоси, катта ҳаётий ва касбий тажрибага эга моҳир ирригатор Кенжабой ака ўзи истиқомат қиладиган маҳаллани ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига бефарқ бўлмаган ҳолда 5 000 тупдан ортиқ мевали, манзарали дарахтлар экишга кўмаклашган. Бу танти, бағрикенг инсон ўзининг хайрия ишлари билан атрофидаги инсонларнинг ҳурмати ва меҳрини қозонган.
“Ҳалол касб фарздан кейинги фарздир”. Шу маънода, сувчилик касбини танлаб, элда ҳурмат, эъзоз топиб, дориломон турмуш кечираётган барча фахрийларимизни қутлуғ айём билан қутлаймиз.
Уларга ҳали узоқ йиллар давраларимизнинг файзи бўлиб туришларини тилаймиз.
Наргиза Машарипова,
Даврон Кенжаев