Бутунжаҳон озиқ-овқат куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ҳар йили 16 октябрда нишонланадиган халқаро байрамдир.

Ушбу байрам
1979 йилда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) конференциясида эълон қилинган. Унинг асосий мақсади - жаҳон озиқ-овқат инқирози ҳақида аҳолининг хабардорлигини ошириш ва очлик, тўйиб овқатланмаслик ва қашшоқликка қарши курашда бирдамликни кучайтиришдан иборат.

Дунё аҳолисига етарли даражада хавфсиз озиқ-овқат етказиб беришда сув ресурслари асосий роль ўйнайди. Сув экинларни етиштириш ва чорва молларини кўпайтиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Дунё бўйлаб олинадиган
сувнинг тахминан 70 фоизи суғориш учун ишлатилади, бу эса сув ресурсларини озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг асосига айлантиради. Бу дегани эса, сув нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги ва инсон овқатланишининг ажралмас қисми, балки ҳар бир инсон ҳаёти боғлиқ бўлган экотизимларнинг асосидир.
Шундай экан, биз - истеъмолчилар ҳам табиий ресурслардан самарали ва унумли фойдаланиш орқали озиқ-овқат танқислигини олдини олиш учун кичкина бўлса ҳам ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор. Айнан, экинларни суғоришда сув тежовчи усулларни қўллаш, оилада соғлом овқатланишни йўлга қўйиш, озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш, тупроқда парчаланмайдиган маҳсулот ўрамларидан фойдаланмаслик ҳамда атрофимиздаги табиатга бефарқ бўлмаслик шулардан айримларидир.
Биз ҳар куни қабул қиладиган қарорлар, ҳар куни амалга оширадиган ҳаракатларимиз - биз яшаётган дунёни шакллантиради.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати