Ўзбекистон ҳукуматининг ЮНEСКО ва Евроиттифоқ билан ҳамкорлик дастури

Bosh sahifa / ---


Хоразм вилоятида тупроқ деградацияси ва сув танқислиги каби катта миқёсли муаммолар кузатилиши билан бирга иқлим ўзгариши оқибатида келажакда бу муаммоларнинг янада кучайиш эҳтимоли мавжуд. Минтақада ер ва сув ресурсларидан фойдаланишни иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан такомиллаштириш, иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини олдини олишда замонавий ресурс тежамкор технологияларни қўллаш ва албатта шу соҳада замонавий билимларга эга бўлган кадрларни етиштириш муҳим аҳамият касб этади. 


Бу борада Европа Иттифоқи, ЮНЕСКО ва Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик янада кенгайтирилиб Кўп йиллик индикатив (KYID) дастури ҳамда “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида узоқ йиллик ва самарали хамкорлик йўлга қўйилди. Бундан мақсад қишлоқ худудларида жойлашган қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасига қаратилган таълим коллежларида замонавий лабораториялар барпо этиш ва ишчи ўринлари очилиши режалаштирилган.

  

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 1-2 февраль кунлари ЮНЕСКО ва Европа Иттифоқи делегацияси Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида жойлашган “Сув хўжалиги ва мелиорация” коллежига ташриф буюрди. Жумладан, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан, ҳамкорлик бўлими раҳбари Вим Риепма, лойиҳа раҳбари Акмал Рустамов, ҳамда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Сара Ношади ва ҳалқаро мутахассиси Марико Фужисавалар ҳамда Хоразм Вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Санъат Салаев, Қўшкўпир туман хокимининг ўринбосари Акбар Жуманиёзов, Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ, Қишлоқ хўжалиги бошқармаси раҳбарияти, яна бир нечта соҳа мутасаддилари коллеж билан яқиндан танишиб, замонавий асбоб-ускуналар, технологиялар ва ўқитишни инновацион усулларидан фойдаланиш учун мўлжалланган лабораториялар барпо қилишга доир масалаларни муҳокама қилдилар.


Қолаверса, лойиҳанинг "Яшил битим" ва рақамлаштириш, ёшлар учун барқарор иш ўринларини яратиш, шу билан бирга, давлат бошқарувини такомиллаштириш каби мақсадларига эришиш сай-ҳаракатлари юзасидан ҳам фикрлар алмашди.

Бундан ташқари, учрашув мобайнида вилоятнинг сув хўжалиги раҳбарлари билан давра суҳбати қурилиб таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги мавжуд ҳамкорликларни самарали амалга оширилиши борасида чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ Матбуот хизмати



Saytda xatolik ko'rsangiz, matnni belgilab Ctrl+Enter tugmalarini bosing.
Izoh qoldirish
Izohlar (0)