Жорий йил 24 апрель куни Шовот туманида сув хўжалиги ташкилотлари ва истеъмолчилар ўртасида сарфланган сув ҳисоб-китобини тўғри олиб бориш ҳамда сув ресурсларини бошқаришда янгича ёндашувни йўлга қўйиш юзасидан семинар ўтказилди.


Унда вилоят ҳокими ўринбосари Ў.Машарипов, “Сувхўжаликназорат” инспекцияси бошлиғи ўринбосари З.Ирисбаев ҳамда Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ ҳузуридаги тизим ташкилотлари раҳбарлари, ҳисобчилари ҳамда сув хўжалиги назоратчилари иштирок этишди.

Тадбирда Президентимизнинг 2024 йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5-сонли Қарори ижросини таъминлашга қаратилган масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси сув назоратчиларига меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида скутерлар тақдим этиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Бундан ташқари, транспортга қўшимча қилган ҳолда ишчилар махсус кийим-бош, планшет ва ёриткичлар билан таъминландилар.

Хусусан, Шовот туманида 13 та ҳудуд мавжуд бўлиб, жами 17 дона скутер харид қилинди.

Келгусида бундай тадбирларни вилоятнинг бошқа туманларида ҳам жорий этишга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Расмлар муаллифи: С. Йўлдошев.Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати