Машғулотлар Хоразм вилоятидаги Урганч давлат университети профессор-ўқитувчилари Ш.Қодиров ва О.Эгамбердиев ҳамда “ТИҚХММИ” профессори Б. Матёқубовлар томонидан олиб борилди.
Назарий ва амалий шаклда ўтилган сайёр дарс машғулотларида тупроққа ишлов беришнинг инновацион-минимал технологиялари, яъни тупроқни анъанавий усулда чуқур ҳайдамасдан, юзаки юмшатиш ёки тўғридан-тўғри уруғ экиш (No-till) орқали тупроқ намлигини сақлаш, тупроқни муҳофаза қилиш ҳамда сув, ёнилғи ва меҳнат ресурсларини тежаш технологиялари тўғрисида тушунчалар берилди.
Ушбу технология суғориш сувини далада самарали ушлаб қолиш ва шўрланишга қарши курашишнинг асосий ечимларидан бири эканлиги, шу билан бирга, ҳозирги глобал иқлим ўзгариши даврида озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорликни таъминлашда стратегик аҳамиятга эга эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, машғулотлар давомида мазкур инновацион технологияларни сув тақчиллиги сезиладиган, ер ости сувлари юзада жойлашган ва шўрланиш хавфи юқори бўлган ҳар қандай аграр ҳудудда қўллаш мумкинлиги тушунтирилди.Ушбу технологиялар қўл меҳнати ва сув исрофини камайтириб, соҳани тўлиқ рақамли бошқарувга ўтказиш имконини беради.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати





