ХОРАЗМДА СУҒОРИЛАДИГАН ЕРЛАРНИНГ СИФАТИ ЯХШИЛАШГА ДОИР СЕМИНАР

Bosh sahifa / Axborot xizmati

Жорий йилнинг 22 июнь куни Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан Хонқа тумани “Сарапаён” ҳудудидаги “Сарвар Жуманазар” фермер хўжалигида семинар ўтказилди. Тадбир Президентимизнинг 2022 йил 10 июндаги “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланди. Унда ерлар деградациясига қарши курашиш ва унинг салбий оқибатларини юмшатиш, ҳудудларда чўлланиш ва қурғоқчиликнинг олдини олиш, биохилмахилликни асраб қолиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, ушбу йўналишдаги илғор илмий ишланмалар ва инновациялардан кенг фойдаланиш асосида минтақаларни барқарор ривожлантириш ҳақида сўз юритилди.
Семинарда Хоразм вилоятидаги сув хўжалиги ташкилотлари ва Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция ходимлари ҳамда фермерлар иштирок этди. Мутахассислар ерларнинг деградациясига қарши курашиш тизими, коллектор-зовур бўйларидаги рошларни текислаб ер очиш, сабзавот ва полиз экинларини экиш, тупроқнинг доимийлиги ва ўзгарувчанлиги, бунга таъсир этувчи омиллар каби мавзуларда маърузалар, тақдимотлар уюштирдилар.
Мелиоратив экспедиция бошлиғи Неъмат Отажановнинг маълум қилишича, ерлар деградациясини камайтириш борасида 2022–2025 йилларда тупроқларни муҳофаза қилиш бўйича вилоятда амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар юқори натижаларга олиб келади. Мисол учун, тупроқдаги гумус миқдори 1 фоизгача бўлган майдон жами 208,5 минг гектар бўлиб, шундан 2022 йилда 198,1 минг гектар, 2023 йилда 177,2 минг гектар, 2024 йилда 156,4 минг гектар, 2025 йилда 125,1 минг гектар камайишига эришилади.
Деградацияга учраган майдонлар вилоятда жами 13,0 минг гектар бўлиб, 2022 йилда 11,6 минг гектар, 2023 йилда 9,2 минг гектар, 2024 йилда 5,7 минг гектар ва 2025 йилда 3,9 минг гектарга камайтириш режалаштирилган.
 
Х.Машарипова
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот котиби


Saytda xatolik ko'rsangiz, matnni belgilab Ctrl+Enter tugmalarini bosing.
Izoh qoldirish
Izohlar (0)