Президентнинг 2024 йил 20 декабрдаги "Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада маҳаллий ҳокимликларнинг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижроси доирасида “Хоразмсувқурилишинвест” давлат муассасаси буюртмаси асосида “Уйғур” маҳалласи ҳудудида жойлашган “И.Ибрагимов” ва “Обод” массивларида суғориш тармоқларини барпо этиш ишлари бошланган.
Лойиҳага мувофиқ, ҳудудда канал ва ариқлар қазиш, насос станциялари учун зарур инфратузилмани яратиш ҳамда сув етказиб бериш тизимини шакллантириш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, ҳар бири секундига 0,75 куб метр сув узатиш қувватига эга бўлган насос агрегатлари ўрнатилиши режалаштирилган.
Энергия таъминотини яхшилаш мақсадида тўртта трансформатор ва умумий қуввати 200 киловатт бўлган қуёш панеллари ўрнатилади. Бу эса объектнинг энергия самарадорлигини таъминлаш билан бирга эксплуатация харажатларини камайтириш имконини беради.
Ҳозирги кунда каналнинг 300 метр қисми бетонлаштирилди, қуёш панеллари учун металл конструкциялар ўрнатилди ва канал қазиш ишлари давом эттирилмоқда. Объектда 6 та махсус техника ҳамда 17 нафар ишчи жалб қилинган.Мазкур ишлар якунлангач, узоқ йиллар давомида фойдаланилмай келган ер майдонларини қишлоқ хўжалиги айланмасига қайтариш, сув таъминотини яхшилаш ва ҳудуднинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш учун янги имкониятлар яратилади.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати





