Ушбу семинарнинг навбатдагиси жорий йилнинг 3 июнь куни Хоразм вилоятида Вазирликнинг Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази мутахассислари томонидан ўтказилди.
Унда Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва тизим ташкилотлари масъул ходимлари иштирок этишди.
Семинарда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таништириш қаторида “Ақлли сув” ва “Дайвер” қурилмаларининг мақсад ва вазифалари, уларни ўрнатиш учун жой танлаш, сув ҳисоби ҳамда ҳисоботини юритиш тартиби, мазкур қурилмаларни таъмирлаш ва сервис хизмат кўрсатиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Шу билан бирга, сув хўжалиги объектларига ўрнатилган “Ақлли сув” қурилмаларининг инвентаризация ҳисоботлари ўз вақтида юритилиши кераклиги таъкидлаб ўтилди.
Бундан ташқари машғулот жараёнида қурилмаларни созлаш ва бошқариш, онлайн платформалар билан ишлаш ўргатилди.Семинар давомида иштирокчилар мазкур қурилмалар билан рўй бериши мумкин бўлган техник муаммолар ечимини ҳал қилиш бўйича муҳокамалар олиб боришди.
Бу каби ўқув машғулотлари ходимларнинг рақамли технологиялар бўйича кўникмаларини янада оширишга хизмат қилади.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати





