ХОРАЗМДА КЎРГАЗМАЛИ СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

Bosh sahifa / Axborot xizmati
2022 йил 24 май куни Хонқа туманида вилоят миқёсида кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, Сув хўжалиги вазири  Шавкат Хамраев, Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов вилоятнинг барча туман ҳокимлари, Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, унинг ҳузуридаги бўлим ва ташкилотлар, кластер ва фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этди.
Кўргазмали семинар Хонқа тумани Мадир ҳудудининг “Қодир Уммат” фермер хўжалиги пахта даласи мисолида ўтказилиб, ерга ер қўшиш орқали дала майдонларидан фойдаланиш, яъни дала чеккаларида ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари экиб ундан унумли фойдаланиш, ички суғориш тармоқлари ва очиқ коллектор-зовурларни кластерларга давлат-хусусий шериклик асосида ўтказиш, сув хўжалигининг махсус хизматлари фаолиятини кучайтириш  борасида сўз юритилди.
Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев дала маданияти юқори даражада бўлиши деҳқончиликнинг ривожланишидаги ўта муҳим омил эканлигини таъкидлаб ўтди. Жумладан, дала чеккаларига, очиқ турган майдонларининг ҳар бир қарич ерига озиқ-овқат экинлари экилса у ҳам катта даромад манбаи яратишини айтиб ўтди.
- Дарҳақиқат, бугунги кунда фермерлар учун имкониятлар янада кенгаймоқда. Кўриб турганингиздек 10 гектар пахта даламнинг теварак атрофига помидор, бодринг, ошқовоқ, қалампир ва канал бўйларига турли хил кўчатлар экдим. Сувдан ва ердан самарали фойдаланса, албатта қўшимча даромад беради – дейди “Қодир Уммат” фермер хўжалиги раҳбари Зафар Жуманиязов.
Семинар сўнгида ушбу ишларни 5 кун муддатда вилоят бўйлаб тадбиқ этиш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Х.Машарипова
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот котиби


Saytda xatolik ko'rsangiz, matnni belgilab Ctrl+Enter tugmalarini bosing.
Izoh qoldirish
Izohlar (0)