Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 апрелдаги ПҚ-122-сонли Қарори ижросини таъминлаш, талабаларнинг касбий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда ўқув жараёнининг ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш мақсадида Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида амалий сайёр дарс машғулоти ташкил этилди.
Сайёр дарсда Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ бошлиғи ўринбосари Ж.Жуманиёзов, бошқарма мутахассислари, вилоят ҳокимининг илмий маслаҳатчиси Б.Матёқубов, Урганч давлат университети профессор-ўқитувчилари Ш.Қодиров, О.Эгамбердиев, П.Камолов ва О.Рахимовлар ҳамда “ТИҚХММИ” миллий тадқиқот университетининг “Дуал таълим” тизимида таҳсил олаётган талабалар иштирок этишди.
Мазкур тадбирда соҳа мутахассислари, олимлар ва келажак пойдевори бўлган талабалар ўртасида жонли мулоқот муҳити яратилди.
Сайёр дарс давомида соҳа олимлари ва етакчи мутахассислар томонидан вилоятда сув тежовчи технологияларнинг самарадорлиги (2024-2026 йй.), томчилатиб суғориш тизими бўйича “Намунавий” фермер хўжалиги лойиҳаси, ерларни лазер нивелирда текислаш технологияси, томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет суғориш, гидрогелдан фойдаланиш тамойиллари, суғориш тармоқларидаги ва экин далаларига берилаётган сув сарфларини ўлчаш ҳамда суғориладиган ерларни мелиоратив мониторинг қилиш каби долзарб йўналишларда тақдимотлар қилиниб, ўзаро тажриба алмашилди.Тадбир якунида иштирокчилар ва талабалар ўртасида қизғин савол-жавоблар, баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.
Бундай машғулотлар бўлажак мутахассисларга университетда олган назарий билимларини бевосита дала шароитида, ишлаб чиқариш жараёни билан мустаҳкам боғлаш учун беқиёс имконият яратади.Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати





