“Йўл харитаси”да белгиланган объектларни ўрганиш ва илмий-техник кузатув ишлари давом эттирилмоқда. Навбатдаги манзил: Янгибозор тумани

Bosh sahifa / Axborot xizmati
Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш юзасидан туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ходимлари, “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети профессори Б.Матёқубов ҳамда Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бош мутахассиси Ф.Отажоновлар иштирокида илмий-техник кузатув ишлари олиб борилди.
Тадбир давомида фермер хўжаликларида бўлиб, уларда тежамкор технологияларни қўлланиш ҳолати ўрганилди.
Хусусан, “Замин оқ олтин” ф.х. - ғўзани томчилатиб суғориш (Хитой технологияси - “Шинжон” усули) орқали суғориладиган майдони 25,2 гектарни ташкил этади. Томчилатиб суғориш технологиясидаги бош иншоотлар: ҳовуз, насос ва фильтрлар талаб даражасида бўлиб, суғориш тизими мавсумга тайёр.
“Гурлан Нурли йўл” ф.х. - ушбу хўжаликда “Kavsar” суғориш технологияси ўрнатилган. Мазкур тизим, асосан, анъанавий электр тармоғи етиб бормаган ёки сув тақчиллиги кузатилаётган ҳудудларда томчилатиб, ёмғирлатиб ёки эгилувчан қувурлар орқали суғориш мажмуаларини барқарор ва юқори босимли сув билан таъминлаш учун мўлжалланган бўлиб, ундан туман бўйича амалий фойдаланиш катта аҳамият касб этиши таъкидлаб ўтилди.
“Отавали” ф.х. - ғўзани томчилатиб суғориш - “Шинжон” усули - орқали суғориладиган майдони 36 гектарни ташкил қилади; 2026 йилги режа асосида лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишга топшириш белгиланган. Томчилатиб суғориш технологиясидаги ҳовузни талабга мослаштириш учун илмий-техник тавсиялар бериб ўтилди. Мавжуд бўлган ўрик боғини томчилатиб суғориш бўйича амалга оширилган ишлар кузатилди.
“Раҳимбой Қўчқоров” ф.х. – жорий йил учун 16 гектар майдонда сув тежовчи технология жорий қилинган. Иккита сув тиндиргич ҳовуз лойиҳаланган. Биринчи ҳовуз асосан сувнинг лойқалик даражасини камайтириш учун хизмат қилса, иккинчи сув тиндиргич томчилатиб суғориш тизимининг асосий элементи бўлиб, ғўзанинг ўсиши ва ривожланишида сув билан таъминловчи асосий манба эканлиги кўрсатиб берилди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу хўжаликда ёмғирлатиб суғориш технологияси орқали кузги буғдой етиштириш ишлари олиб борилган бўлиб, ҳозирги кунда буғдой тўлиқ етилганлиги сабабли тизим йиғиштириб олинган. Бу бўйича ҳам керакли тавсиялар бериб ўтилди. Фермер хўжалиги кенг тармоқли бўлганлиги сабабли асаларичилик ҳам йўлга қўйилаётганлиги кузатув жараёнида қайд этилди.
Туманида мавжуд бўлган сизот сувлари сатҳини назорат қиладиган кузатув қудуқларининг ҳолати ва ишлаш тамойиллари ҳамда қудуқдаги сизот сувлари сатҳи ва сувнинг минераллашиш таркиби марказлашган ҳолда аниқланаётганлиги кузатилди ва кузатув қудуғининг автоматик бошқарув тизими бўйича тушунчалар бериб ўтилди.
Шу билан бирга, “Тўранғи сақа” канали техник ҳолатини талаб даражасида ушлаб туриш бўйича амалий томондан қилиниши керак бўлган ишлар тўғрисида маслаҳатлар берилди.

Бундан ташқари “Гурлан ветка” канали - суғоришни бошқариш ҳамда белгиланган сув ҳажмини Қорақалпоғистон Республикасининг Манғит туманидаги фермерларга етказиб бериш мақсадида канални лойқадан тозалаш учун земнасос келтирилган бўлиб, ушбу каналда лойқа чўкишининг олдини олиш бўйича илмий-техник тавсиялар берилди.

Мелиоратив техника ёрдамида хўжалик ички каналларини лойқадан тозалаш ишлари амалга оширилаётган ҳудудда бўлиб, бажариладиган ишлар кўлами, амалга ошириладиган лойиҳа, қазиш ва таъмирлаш ишларининг кетма-кетлиги фермерга тушунтирилди.

Кузатув ишлари давомида фермерлар томонидан берилган саволларга Б.Матёқубов томонидан атрофлича жавоблар ҳамда илмий-техник ва амалий тавсиялар берилиб борилди.

Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати


Saytda xatolik ko'rsangiz, matnni belgilab Ctrl+Enter tugmalarini bosing.
Izoh qoldirish
Izohlar (0)