“Мўътабар аёл” кўкрак нишони Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 апрелдаги “Мўътабар аёл” кўкрак нишонини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 257-сонли қарорга асосан таъсис этилган.
Ушбу кўкрак нишони билан жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизлар тақдирланади.
Ана шундай фазилатлар билан ажралиб турувчи хотин-қизлар қаторида ўз ишининг фидойиси, меҳрибон она, доно устоз ҳамда барчага ибратли бўлган ходим, ҳамкасбимиз Зумрад Давроновна Жиянбоева ҳам ўрин олгани биз учун жуда қувончлидир.
Зумрад Жиянбаева сув хўжалиги соҳасида 37 йилдан буён меҳнат қилиб келмоқда. Ҳозирда эса Хоразм вилоятининг Шовот тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасида Сув ресурсларидан фойдаланиш бўлимининг етакчи мутахассиси лавозимида фаолият юритмоқда.
Ушбу қувончли воқеа муносабати билан Шовот тумани ҳокимлигида мукофотлар ўз соҳибаларига топширилди.
Кун қаҳрамонини табриклаш мақсадида Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида йиғилиш ўтказилиб, мукофот соҳибаси шарафига илиқ тилаклар билдирилди ҳамда эсдалик совғаси топширилди.Мукофот муборак бўлсин!
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати





