Бугунги кун аёлларининг нозик елкалари нафақат уй ва болаларни тарбиялаш, балки ўзлари танлаган соҳа муваффақиятлари учун ҳам масъулиятни ўз зиммасига олади.
Баҳорнинг илк кунларида юртимизда нишонланадиган 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами барча аёлларнинг тинимсиз меҳнатлари, Ватанга фидойи хизматлари ва ўз мамлакатига бўлган муҳаббатлари учун самимий миннатдорчилик ва эътироф билдириш учун ажойиб имкониятдир.
Шу муносабат билан Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида аёл-ходимларни байрам билан қутлаш тадбири ўтказилди.
Унда табрик сўзига чиққанлар соҳада фаолият юритувчи аёллар ўз профессионаллиги, ишига садоқати ва фидокорлиги билан мамлакатимиз сув хўжалиги ривожига беназир ҳисса қўшиб келаётганлигини таъкидлашди.
Йиғилиш сўнггида Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ бош мутахассиси Д.Кенжаев аёлларни байрам билан қутлар экан: “Сизларнинг меҳнатингиз, сабр-бардошингиз ва фидокорлигингиз сув хўжалиги соҳасидаги муваффақиятларнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Сизлар ҳар куни табиатни муҳофаза қилиш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва келажак авлодларга соғлом муҳитни тақдим этиш йўлида курашасиз. Сизнинг меҳнатингиз ва масъулиятингиз жамиятимиз учун беқиёс аҳамиятга эга”, - дея ўз сўзини якунлади.
Тадбир сўнггида аёл-ходимларга гуллар ва эсдалик совғалари топширилди. Шу билан бирга, ушбу байрам муносабати барча тизим ташкилотларида меҳнат қилаётган аёлларни моддий рағбатлантириш мақсадида уларга пул мукофоти ҳам берилди.Бундай эътибор, ғамҳўрлик ва эътирофдан хурсанд бўлган аёллар, раҳбариятга ўз миннатдорчиликларини билдириб қолишди.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати





