СУВ ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИДАГИ ХАЛҚАРО ТАЖРИБА ЎРГАНИЛМОҚДА

Bosh sahifa / Axborot xizmati

Ирригaция ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги Хоразм минтақавий маркази (Марказ) “Ирригация тизимлари ва сувни тежайдиган технологиялар” лабораторияси мудири Ҳ.Дурдиев Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш бўйича ташкил этилган танловда ғолиб бўлиб, ҳозирги кунда Туркиянинг Баликесир университетида (БАУН) илмий стажировка ўтамоқда. 

Стажировкадан кўзланган мақсад томчилатиб суғориш тизимини тупроқ намлигига боғлиқ ҳолда бошқарувчи автоматик тизим механизмини ўрганишдан иборатдир. 

Мазкур олийгоҳ давлат университети ҳисобланиб, мавқеи жиҳатидан юқори ўринларда турадиган университетлар қаторига киради. Университет расман 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, бу ерда 27 мингдан ортиқ талаба табиий ва ижтимоий фанлар, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, туризм каби кўплаб мутахассисликлар бўйича таҳсил оладилар.

Стажировка дастлаб 24 ноябрь куни БАУН ректори, профессор Юсел Оғурлу томонидан ўзбекистонлик ёш олимларни қабул қилишдан бошланди. Учрашувда университет проректорлари ҳисобланган профессорлар Севдет Авчикурт ва Фатиҳ Сатиллар ҳамда халқаро алоқалар бўйича бош координатор, доктор Иҳсан Кисадере иштирок этдилар. Ректор ҳар бир ёш олим билан ўзаро суҳбат қурди.

Учрашувда Ҳ.Дурдиев Марказда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳамда амалий тажрибалари борасида маълумотлар берди. Бундан ташқари келгусида ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ташкилотлар ўртасида меморандум имзолаб олишга келишиб олинди. 

Шу билан бирга, иштирокчилар жорий йилнинг 24 декабригача давом этадиган илмий стажировка режасига мувофиқ Баликесир университетининг Муҳандислик кафедрасида илмий ҳамда амалий кўникмаларга эга бўладилар.

 

Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати



Saytda xatolik ko'rsangiz, matnni belgilab Ctrl+Enter tugmalarini bosing.
Izoh qoldirish
Izohlar (0)