Бугун, Хоразм вилоятининг Шовот тумани, Меҳнатобод ҳудудида жойлашган Руслан Бекчанов раҳбарлигидаги “Асал Лобар” фермер хўжалигида кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Семинарда туман “СЕБХ” давлат муассасаси мутахассиси ҳамда туман фермер хўжаликлари раҳбарлари қатнашдилар.
Хўжаликка тегишли бўлган 19 гектар ерга плёнка остига пахта экилган бўлиб, сув тежовчи технологиялардан томчилатиб суғориш тизими ўрнатилган.
Р.Бекчанов технология афзалликлари ҳақида гапирар экан, шундай деди: “Мавсум давомида экинга барча минерал ўғитлар сув билан берилади, техника харажатлари қисқаради. Сув сарфи ўртача 50 фоизга камаяди. Ҳосилдорлик ошади, ҳосил анча эрта етилади. Биз гектарига 2 000 м³ сув ишлатган ҳолда яхши ҳосил олишни режалаштиряпмиз”.
Биз сув ресурслари тақчиллиги доимий хавф солиб турадиган ҳудудда яшаймиз. Шундай экан, соҳада илғор, ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш жуда муҳим, қолаверса, бу давр талаби ҳамдир.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ Матбуот хизмати