Тадбирда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари қишлоқ хўжалигининг турли йўналишларида фаолият юритаётган фермер хўжалиги раҳбарлари ҳамда масъул мутасаддилар иштирок этишди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул вакили, вилоят ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ў.Машарипов, вилоят ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича илмий маслаҳатчиси, профессор Б.Матёқубов ҳамда Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Э.Нурметовлар қатнашиб, фермерларнинг таклиф ва мулоҳазаларини тингладилар.
Фермерлар томонидан вилоятнинг табиий-иқлим шароитини яхшилаш мақсадида Астрахань тажрибасига таянган ҳолда ҳар бир туманда балиқчиликка асосланган кўллар ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Ў.Машарипов ушбу масаланинг долзарблигини эътироф этган ҳолда илгари мавжуд бўлган кўплаб табиий сув ҳавзалари ўз вақтида кўмилиб, экин майдонларига айлантирилганини, эндиликда эса сув балансини тиклаш муҳимлигини таъкидлади.
Суҳбат давомида соҳада сув тежовчи технологиялар ва инновацияларни қўллаш ҳамда модернизация қилиш бўйича қуйидаги муҳим жиҳатлар тилга олинди:- хусусан, суғориш тармоқларини бетонлаштириш ва қувурли тизимларни лойиҳалаш орқали сув исрофини камайтириш;
- лазерли текислашни қўллаш орқали шўр ювиш ва суғориш ишларида сув сарфини 30 фоизгача иқтисод қилиш имконияти мавжудлиги;
- шоличилик соҳасида эса айнан шолини сеялка усули билан экиш орқали дастлабки 40 кун давомида сувсиз парваришлаш тажрибаси;
- глобал иқлимга мослашиш мақсадида сабзавот экинлари, жумладан, ҳозирги кунда картошка плёнка остида етиштирилаётганлиги ҳамда экинни экишдан олдин тупроқни минимал миқдорда намлаш орқали сувни тежаш мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда амалий ечимлар сифатида фермерлар томонидан томорқа ерлари учун мўлжалланган, электр энергияси ёки катта қувватли насос талаб қилмайдиган махсус вакуумли мослама тақдимот қилинди. Бу қурилма сувни пастдан юқорига кўтаришда кам харажатли ва қулай ечим эканлиги билан йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Шу билан бирга, мулоқот давомида сув ҳавзалари ва йўл четларида яшил ҳудудлар барпо этиш, томорқа хўжаликларида ҳам сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш юзасидан келишиб олинди.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати





