МАЪНАВИЯТ СОАТИ

Bosh sahifa / Axborot xizmati
1483 йилнинг 14 февраль санасида буюк ўзбек шоири, тарихчи, географ, давлат арбоби ва Бобурийлар сулоласи асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган. Жорий йил юртимизда шоирнинг 543 йиллиги нишонланмоқда.
Ушбу кун муносабати билан жорий йилнинг 14 февраль санасида Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида Урганч давлат университети “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси ўқитувчиси Абдулла Ғофуржонович Худойберганов иштирокида “Маънавият соати” ўтказилди.
Учрашувда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида гапирилар экан, унинг буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида бутун дунёда маълум ва машҳурлиги, беқиёс илмий-ижодий мероси нафақат миллий маданиятимиз ва халқимиз адабий-эстетик тафаккурининг шаклланишида, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида алоҳида ўрин тутиши таъкидлаб ўтилди.
Сўнгра шоирнинг ўзбек адабиётида дастлабки насрий мемуар ва тарихий-илмий асар ҳисобланган “Бобурнома”сида тўхталиб, ушбу асар мазмун-моҳияти тушунтириб берилди ва уни яна бир бора мутолаа қилиш тавсия этилди.
Тарихимизнинг ёрқин саҳифаларига шўнғиган иштирокчилар маънавий озуқадан баҳраманд бўлишиб, буюк аждодларимизга лойиқ авлод бўлиб камол топишда ўзларига руҳий рағбат олишди.

Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати


Saytda xatolik ko'rsangiz, matnni belgilab Ctrl+Enter tugmalarini bosing.
Izoh qoldirish
Izohlar (0)