ФАХРИЙЛАР ЙЎЛИ - ЁШЛАР МАКТАБИ

Bosh sahifa / Axborot xizmati
"1972 йили отам билан бирга Боғотнинг чекка қишлоғидан келиб Тошкент политехника институтига қурилиш йўналишига ҳужжат топширдим. Эртаси куни отам: “Болам, биз сув етиб бориши қийин бўлган жойда яшаймиз. Сенинг шу элга ёрдаминг тегсин, мироб бўл", - дедилар. Мен эса ҳужжатларимни олиб Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига топширганман. Ўша кундан бу касбга отамнинг кўзи билан қарадим, ўзгача меҳр қўйдим”. 
Бу сўзлар айни кунларда муборак 70 ёшни қарши олган фахрий сувчи, малакали мутахассис, олийжаноб ва меҳрибон устоз Шокиржон Бекчановнинг хотиралари. Бугун бу инсон Хоразм вилояти сув хўжалиги соҳасининг устоз мутахассисларидан бири.
Шокиржон Бекчанов узоқ йиллик самарали меҳнати ва раҳбарлик фаолияти давомида вилоятдаги қишлоқ хўжалиги экин майдонларига сувни етказиб бериш, эл дастурхони тўкинлиги ва юрт фаровонлиги йўлида тер тўкди. Унинг соҳа ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳамиша мамнуният ва миннатдорчилик билан эътироф этилади. 

У 1977 йили институтни тамомлаб, “Хоразмдавхўжсувқурилиш” трестига қарашли Боғот кўчма колонна катта муҳандиси лавозимида ўз меҳнат фаолиятини бошлади. Кейинчалик ўзининг шижоати ва меҳнатсеварлиги туфайли колонна бошлиғи, бош муҳандис вазифаларида хизмат қилди. Кўп йиллар мобайнида вилоят сув қурилиши ташкилотларида ишлаб, тажриба орттирди.

Бу ташаббускор, меҳнатсевар инсоннинг янги ерларни ўзлаштиришда, янги каналларни қуриш ва бетонлашда, чекка-чекка ҳудудларга сув етказиб боришда, сувни иқтисод қилиб фойдаланиб, ерларнинг шўрини ювишда амалга оширган ишлари беназирдир. 

Шокиржон ака 1995-1998 йилларда Боғот тумани Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи, 1998-2003 йилларда Боғот тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифаларида меҳнат қилади. 2003-2008 йилларда эса “Тошсоқа” ирригация тизими бошқармаси бошлиғи ҳамда 2008-2011 йилларда вилоят ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари каби масъулиятли лавозимларда фаолият юритган. 

Шокиржон Бекчанов сув танқислиги даврида Боғот туманининг чекка ҳудудларга коллектордан деҳқончилик учун сув етказиб бериш, катта насос агрегатлари ўрнатиш ишларига бош-қош бўлган. Туманнинг “Қалъажиқ” массиви, “И.Дўсов”, “Деҳқонобод”, Қизилжар” ҳудудларида ташландиқ ерларни ўзлаштириб, у ерларга ҳаёт бахш этиш лойиҳаларида жонбозлик кўрсатган. Ҳозирги кунда бу тиниб-тинчимас фидойи инсон она-юрт равнақи йўлида меҳнат қилишни давом эттириб, “Хоразм сув таъминоти” акциядорлик жамияти бош технологи вазифасини бажариб келмоқда. 

– Ортимга назар солар эканман, ҳаёт йўлим ва касбимни тўғри танланганимни, умримни сув хўжалиги ривожига бежиз бағишламаганимни ҳис қиламан, - дейди Ш. Бекчанов. – Меҳнат фаолиятимнинг ҳар бир куни ниҳоясида элим учун қандай фойдали иш қилдим, деб ўзимдан сўрардим. Бугун ана шу саволларимни жавобини топгандайман: бу жавобни ҳамкасбларимнинг ҳурматида, мен билган ва мени билганларнинг самимиятида кўраман.
 
Шокиржон ака сўзларини якунлар экан, ёш авлод сув текин, ўлчови йўқ, деган янглиш тушунчалардан қочиши, унинг ҳар бир томчисини асрашлари кераклигини, келажак учун бу жуда муҳим эканини таъкидлайдилар. 

Шокиржон Бекчановнинг яна узоқ йиллар ҳормай-толмай эл-юртга хизмат қилиш, сув хўжалиги соҳаси ривожига ҳисса қўшиш шижоати бор. Бутун умрини, илмини, тажрибасини юрт ривожига бағишлаган бундай инсонлар ватанимизнинг фахри, элимизнинг суюнчидир. 

Наргиза Машарипова,
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот котиби 


Saytda xatolik ko'rsangiz, matnni belgilab Ctrl+Enter tugmalarini bosing.
Izoh qoldirish
Izohlar (0)