Кеча Хоразм вилояти, Хонқа туманининг “Томадурвадик” ҳудудидаги “Матяқубов Акмал” фермер хўжалигида кластер ташкилотлари раҳбарлари, фермерлар ҳамда маҳалла вакиллари иштирокида сув тежовчи суғориш технологияларни жорий қилишга қаратилган кўргазмали тарғибот семинари ўтказилди.


Тадбирда Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ бош мутахассиси Ҳ.Худайберганов сўз олиб, охирги йилларда кучайиб бораётган сув тақчиллигини юмшатиш мақсадида қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришнинг сув тежовчи тизимларини кенг жорий қилиш нақадар муҳимлигини таъкидлар экан, бу борада давлатимиз томонидан ушбу тизимларни қўлловчи субъектларга бериладиган имтиёзлар, шу билан бирга, сув тежовчи технологиялар афзалликлари тўғрисида тушунтиришлар берди.

- Бизнинг фермер хўжалигимиз томонидан 40 гектар ғалла майдонининг 10 гектарига ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилмоқда. Бундан ташқари, йил бошида 15 гектар пахта далага томчилатиб суғориш қурилмаси ҳам ўрнатган эдик. Ҳозирда ушбу даладан ўтган йилги 40 центнер ўрнига 52 центнер ҳосил йиғиштириб олдик, - дейди фермер хўжалиги раҳбари А. Матяқубов.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати