ЯНГИБОЗОР ТУМАНИ “СУВ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ХИЗМАТИ” ДАВЛАТ МУАССАСАСИ ФАОЛИЯТИГА НАЗАР

Bosh sahifa / Axborot xizmati
Янгибозор тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасида жами 43 нафар мутахассис-ходим фаолият юритади. Муассаса томонидан 23 минг 200 гектардан зиёд экин майдонларига сув етказиб берилади. Бунинг учун 186,5 км, жумладан, 33,9 км бетон қопламали, 162,3 км тупроқ ўзанли хўжаликлараро суғориш тармоқлари, 5 дона гидротехника иншооти ҳамда 11 дона сув ўлчаш иншоотларидан фойдаланилади. 
Туманда бугунги кунда сув олиш қулоқларининг 70 фоизии таъмирланиб, керакли ускуналар билан жиҳозланган. Гидропостлар режа бўйича 11 тасидан бугунда 10 таси аттестациядан ўтказилган ҳамда талаб даражасида таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилган.

Жорий йилда кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги ички суғориш тармоқларини бетонлаш режаси 101,5 км қилиб белгиланган бўлиб, бугунгача жами 34,6 км ички суғориш тармоқлари бетонланган. Шунингдек, туманда аҳоли ва фермер хўжаликларини сув билан таъминловчи хўжаликлараро каналларни тозалаш-қазиш ишлари учун 47 км режалаштирилган бўлиб, 12,1 км узунликдаги каналлар лойқадан тозаланган. 

Бундан ташқари, жорий йилда 374 та фермер хўжаликларининг 248 та насос агрегатларига 12 852 кВт қуёш панеллари ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, шундан 69 тасига 4 219 кВт қуёш панеллари ўрнатиш учун банк кредит маблағлари ажратилган.

Туманда 2025 йилда 338 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилган бўлиб, бугунгача 45 та фермер хўжаликлари томонидан 598,8 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган. Бугунги кунга келиб 27 та фермер хўжалиги 360 гектар майдонда технологияни тўлиқ ишга туширган ва 25 та фермер хўжаликлари томонидан 345 гектарга субсидиялар олиш учун аризалар берилган.

Туманда истеъмолчилар билан сув етказиб бериш бўйича 500 та шартномалар тўлиқ имзоланган бўлиб, ҳар ой якуни бўйича ойлик олинган сув миқдори тўғрисидаги далолатномалар “Сув ҳисоби” ахборот тизими орқали онлайн тарзда имзоланиб, тегишли равишда солиқ органларига юборилади ва шу асосда солиқ ҳисобланади. Ўтган давр мобайнида ушбу солиқ тушумларидан муассаса моддий-техника базасини мустаҳкамлаш орқали меҳнат самарадорлигини ошириш мақсадида сув хўжалиги назоратчилари учун 9 та скутер, планшет, махсус кийим-бошлар ва бетонқоргич машинаси харид қилинди.

Муассаса томонидан канал ва зовур тармоқлари ён атрофларидаги ерлардан унумли фойдаланган ҳолда ишчи-ходимларни моддий рағбатлантириш мақсадида турли мевали дарахтлар, шунингдек, қишлоқ хўжалик экинлари ҳам етиштирилмоқда. Бундан ташқари, ёрдамчи хўжаликларда 126 бош қўй, 12 бош қорамол ва 1 100 дан зиёд парранда боқилмоқда.

Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати


Saytda xatolik ko'rsangiz, matnni belgilab Ctrl+Enter tugmalarini bosing.
Izoh qoldirish
Izohlar (0)