“Сувхўжаликназорат” инспекцияси Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ташкил этилган навбатдаги семинар Қўшкўпир туманида жойлашган “Зей яб” каналининг ПК257+00 қисмидаги бош гидроиншоотида ўтказилди.
Унда инспекция, “Полвон-Ғозовот” ирригация тизими бошқармаси, ушбу канал бошлиқлари ва мутахассислари ҳамда туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ходимлари иштирок этишди.
Семинарда вилоятда мавжуд гидротехник иншоотлар хавфсизлиги, техник ҳолати, сувдан самарали фойдаланиш ҳамда ҳукумат қарорлари ва фармонлари ижроси каби масалалар таҳлил қилинди.
Жумладан, объектда қирғоқ емирилишларини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар олиб борилиши, ходимларни иншоотдан фойдаланиш йўриқномаларига риоя этишлари, фавқулодда вазиятларда сифатли захира материаллари етарли даражада жамғарилиши, гидротехник иншоотда ишлаб чиқилган хавфсизлик декларацияси экспертизадан ўтказилганлиги кўздан кечирилди.
Шунингдек, сув ҳисоб-китоби журналларидаги қайдлар ўз вақтида олиб борилиши юзасидан топшириқлар берилди.
Семинар давомида инспекция бош мутахассиси М.Якубов томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 30 августдаги “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги ЎРҚ-865-сонли Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси фаолиятини тартибга солувчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги ВМ-500-сонли қарори мазмун-моҳиятлари ва аҳамиятлари бўйича тушунтиришлар берилди.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати