Хоразм вилояти Янгиариқ туманининг “Озёрний” коллектори орқали суғориладиган ҳудудида тарқалган қумлоқ тупроқлар шароитида мақбул экин турларини аниқлаш ва муомаладан чиққан ерларни қишлоқ хўжалиги айланмасига қайта киритиш чоралари кўрилмоқда.
Шу мақсадда коллекторни лойқадан тозалаш, сув олиш жойини бетонлаш ҳамда гидротехник иншоот қуриш бўйича бажарилаётган бетонлаш ишларини мониторинг қилиш ва улар билан яқиндан танишиш учун Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Р.Қаршиев, илмий маслаҳатчи Б.Матяқубов ва Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Д.Камоловлар ишлар олиб борилаётган ҳудудга ташриф буюришди.
Ташриф жараёнида вазир ўринбосари томонидан ушбу коллектор тизимини тиклаш, сув ўтказиш қувватини ошириш ва ҳудуднинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилаш бўйича муҳим кўрсатма ва зарур маслаҳатлар берилди.
“Озёрний” коллектори тизимини тиклаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ишлари лойиҳасининг техник-иқтисодий ҳисоб-китоби Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 мартдаги 121-сон қарори билан тасдиқланган бўлиб, белгиланган тартибда лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган ҳамда экспертиза натижалари бўйича мутасадди ташкилотлардан ижобий хулосалар олинган.
Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 апрелдаги “Қишлоқ ва сув хўжалиги муҳандисларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-122-сонли Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилади.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати