QR-код адреса статьи


“СУВ ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИДА АЁЛЛАР ЕТАКЧИЛИГИ” МАВЗУСИДА ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ

Олдин хабар берилганидек, “Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги” томонидан молиялаштирилган ҳамда “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” ва Сув хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Сув хўжалиги соҳасида аёллар етакчилиги” мавзусидаги тренинглар босқичма-босқич ўтказилиб келинмоқда.
Ушбу тадбирнинг навбатдагиси жорий йилнинг 16 апрель куни Хоразм вилоятида, Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида ташкил этилди.
Тренингда “Самарали етакчилик, бошқарув кўникмалари ва жамоатни шакллантириш” ва “Ўзбекистон Республикасининг 2025–2030 йилларга мўлжалланган сув хўжалиги сектори гендер концепцияси” мавзулари ўрганилди. 
Ушбу мавзулар доирасида “Самарали мулоқот асослари”, “Музокара олиб бориш кўникмалари”, “Низоларни ҳал қилиш кўникмалари”, “Тармоқ тузиш асослари”, “Бошқарув кўникмалари”, “Вақтни бошқариш” мавзуларида интерактив ўйинлар ўтказилиб, гуруҳларга бўлинган ҳолда “Гендер концепциясини амалга оширишда аёллар етакчилиги” бўйича тақдимотлар тайёрланди. 
“Британиялик журналист Кэролайн Криадо Переснинг “Кўринмас аёллар” китобида “Эркаги каби ўз аёлини бирдай эътироф этган жамият албатта ютади” деган жумлалар бор. Бу - жамиятда эркаклар билан бир қаторда аёллар ҳам ривожланиши, карьера қилиши мумкинлигини кўрсатади. Ҳозирги кунда вилоятимиз бўйича сув хўжалиги соҳасида ишлаётган ходимлар жами 1 679 нафар бўлиб, шундан, аёллар 98 нафарни, яъни 5,8 фоизини ташкил қилади; бошқарув ходимларидан атиги 9 нафари аёллардан иборат, бу, албатта, ҳозирча жуда паст кўрсаткич ҳисобланади. Биров сув хўжалиги соҳасида ишлаётган кўплаб аёллар эркаклар билан тенг меҳнат қилишиб, канал ва коллекторларда вертушкада сув ўлчаш, нивелирда ишлаш, лабораторияда сув таҳлилларини ўтказиш кабилар билан шуғулланишмоқда. Аёллар Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Президентимизнинг фармон ва қарорлари, Сув хўжалиги вазирининг буйруқларини жойларда ижросини таъминлашда бевосита иштирок қилмоқдалар”, - дейди Қўшкўпир тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси бош гидрометри, “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш Миллий лойиҳаси” тренери Адолат Хасанова.
Тадбирда Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ тизим ташкилотларида меҳнат қилаётган ходимлар, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ирригация техникуми ўқитувчиларидан иборат 22 нафар аёллар иштирок этишди ҳамда билим ва кўникмаларини оширишди. Тренинг якунида иштирокчиларига сертификатлар топширилди.

Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати

Orqaga qaytish