Хонқа туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-47-сонли Қарори тарғиботига бағишланган семинар ўтказилди.
Семинар туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси мутахассислари ҳамда фермерлар иштирокида “Сарапаён” ҳудудидаги “Sarapayon green house” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дала майдонида бўлиб ўтди. Ушбу 10 гектарли ер майдонига ғалла маҳсулоти экилган бўлиб, ёмғирлатиб суғориш тизими ўрнатилган.
Тадбирда мазкур Қарор мазмун-моҳияти ва аҳамияти бўйича атрофлича тушунтиришлар берилди.
Хусусан, 2026-2028 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий қилиш қамровини янада кенгайтириш ва бунинг ҳисобига ҳар йили 5 миллиард куб метр сув ресурсларини тежаш белгиланганлиги таъкидланди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сув тежовчи технологияларни жорий этишда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби бўйича ҳам атрофлича маълумотлар берилди.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати