QR-код адреса статьи


2026 ЙИЛДА 503 МИНГ ГЕКТАРДА СУВНИ ТЕЖАЙДИГАН ТЕХНОЛОГИЯЛАР ЖОРИЙ ҚИЛИНАДИ

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга мурожаатномасида юқори қўшилган қиймат яратадиган соҳаларни ривожлантириш, катта даромад келтирадиган сервисларни кўпайтириш, биоинженериядан кенг фойдаланиш, илғор агротехника ва сув тежайдиган усулларни фаол қўллаш, “яшил” энергетика, чиқиндисиз ишлаб чиқаришга ўтиш, таълим ва тиббиётда илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий этиш учун янги технологияларни олиб кирсак, кадрларни илм-фан ва инновацияларга асосланган замонавий касбларга тайёрласак, келгуси беш йилда иқтисодиётимиз ҳажмини 240 миллиард доллардан оширишга барча имкониятлар борлиги таъкидланди.
Сув ресурсларини тежаш ва ундан оқилона фойдаланишда сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари замон талабларига мослаб борилаётганлиги ҳамда сувни тежайдиган технологиялар жорий қилган фермер ва деҳқонлар самарасини кўраётганлиги натижасида жами 2,6 млн гектар майдон сув тежовчи технологиялар билан қамраб олинди, суғориладиган майдонларга нисбатан улуши 60 фоизга етказилди.

Жумладан, 664 минг гектарда томчилатиб, 121 минг гектарда ёмғирлатиб, 73 минг гектарда дискрет ва 123 минг гектарда бошқа турдаги суғориш технологиялари жорий қилинди ҳамда 1,6 млн гектар ерлар лазер ускунаси ёрдамида текисланди.

2025 йилнинг ўзида жами 817,2 минг гектар (режага нисбатан 168 фоиз) майдонларда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 103,2 минг гектарда томчилатиб суғориш, 30,7 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш, 13,7 минг гектарда дискрет суғориш технологияси жорий қилинди ҳамда 74 минг гектар майдон эгилувчан қувурлар орқали ва 49 минг гектар майдон эгатга плёнка тўшаб суғорилди ва 546 минг гектар майдонда лазерли текислаш ишлари амалга оширилди.

Натижада айнан сув тежовчи технологиялар ҳисобидан 2025 йилда 2,3 млрд куб метр сув иқтисод қилишга эришилди. Таҳлилларга асосан, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш сув ресурсларини 45-50 фоизга, ёқилғи мойлаш материаллари ва минерал ўғитларни 25-35 фоизга ва бошқа механизация хизматлари харажатларини иқтисод қилиш билан бирга ҳосилдорликни 15-20 фоизгача оширмоқда.

Мисол учун, Косон туманидаги “Косон” ва “Асл Нажим”, Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги “Фориш йуллари” фермер хўжаликлари томонидан пахтани томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ҳисобига гектарига ўртача 80-85 центнер ҳосил олган (аввал ушбу майдонлардан 25-30 центнер ҳосил олинган).

Мирзаобод туманидаги “Sirdaryo Jingo” МЧЖ 1 000 гектар пахта майдонларида 2025 йилда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ҳисобига 3,25 млн метр куб сувни тежаш билан бирга ёқилғи мойлаш материаллари ва минерал ўғитларни 25-35 фоизга иқтисод қилишга эришиб, гектарига ўртача 55-60 центнер ҳосил олган.
2026 йилда 503 минг га суғориладиган ер майдонларида, шундан 75,4 минг га томчилатиб, 34,6 минг га ёмғирлатиб ва 28,9 минг га майдонда дискрет, шунингдек, 164,1 минг га майдонда бошқа суғориш технологиялари жорий қилинади. Бундан ташқари, 200 минг га қишлоқ хўжалиги экин майдонларида лазерли текислаш ишлари амалга оширилади.

Манба:https://gov.uz/uz/suvchi/news/view/114485

Orqaga qaytish