Президентимизнинг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар режасига асосан “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Ушбу лойиҳа миллий қадриятларимизга асосланган тинч, аҳил ва фаровон оилаларни шакллантириш, ёшларнинг оилавий муносабатларини барқарорлаштириш кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Шу муносабат билан бугун Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида Хоразм вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси билан ҳамкорликда мазкур лойиҳа доирасида ходимлар билан давра суҳбати ўтказилди. Тадбирни "Масъулиятли ота-оналик" лойиҳаси тренерлари З.Тожиева ва М.Отамуротовалар олиб боришди.
Унда оила муқаддас қўрғон эканлиги, уни қай тарзда шаклланиши ота-онанинг ҳар иккаласига боғлиқлиги ва шунга қараб оиладаги фарзандлар ҳам келгусида андаза олишлари тўғрисида сўз юритилди.
Шу билан бирга, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида “Масъулиятли ота-оналик” электрон платформаси ва мобиль илова яратилганлиги маълум қилинди ҳамда ташкилот кутубхонасига ходимлар фойдаланиши учун лойиҳа томонидан чоп этилган ўқув қўлланмалари топширилди.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати