QR-код адреса статьи


КАСБИМДАН ФАХРЛАНАМАН!

Ҳар бир соҳанинг турли йўналишлари мавжуд бўлгани каби сув хўжалиги соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Гидрометрия ва диспетчерлик хизмати ана шундай йўналишлардан биридир.
Мазкур хизмат сув таъминоти ва тақсимотини режалаштириш, уни оқим ва заҳираларга мувофиқ тақсимлашни таъминлаш, сув баланси ва ҳисоботларини юритиш, дарёлар, каналлар ва омборларда сув сатҳи, оқим (ҳажм), тезлигини ўлчаш, шунингдек, сув тизимларининг кундалик эксплуатациясини назорат этиш, сув тақсимоти ва режимларини жойида ва масофадан бошқариш, режа бўйича сув очиш-ёпиш, насослар ва шлюзлар операцияларини мувофиқлаштириш ҳамда фавқулодда вазиятларда тез ва мувофиқ чоралар кўриш каби вазифаларни бажаради.
Бугунги меҳмонимиз – Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Сув ресурслари, гидрометрия ва диспетчерлик хизмати шўъбаси етакчи мутахассиси Шерзод Сотипов ўзининг ана шу қизиқарли ва севимли касби ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Мен бу соҳага кириб келганимга 15 йилдан ошди. Қишлоқ хўжалигига эҳтиёж бўлган ҳар қандай давлатда ирригация соҳаси мутахассисларига доимо талаб бўлади. Ҳудудларга ўз вақтида ва керакли миқдорда етказилиб турган сув ресурслари қурғоқчил ерларни гуллаб-яшнаётган далаларга айлантириб, минглаб одамларни озиқ-овқат билан таъминлашини кўриш мен учун энг катта мукофотдир. 

Менинг билим ва кўникмаларим талабга эга, меҳнатим эса одамлар ҳаётини таъминлаш билан бевосита боғлиқ бўлгани учун ҳам қадрланади. Касбим жамият фаровонлигининг асоси бўлган оби-ҳаёт билан аҳолини таъминлашга мен ҳам ўзимнинг камтарона ҳиссамни қўшаётганимдан, севимли касбим билан фахрланаман.

Мен доимо ўрганаман, ривожланаман ва ўз кўникмаларим билан бу касбга энди қадам қўяётган, кечаги талаба, бугунги ёш ирригаторлар билан бўлишаман. Чунки мен ҳам ўз вақтида касб сирларини устозим, фахрий сувчи Мақсуд Отахонович Собиров қўл остида ўрганганман ва шу ўринда бу инсонга ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтмоқчиман.
Мен ўзимни дунёни яхши томонга ўзгартиришга ёрдам берадиган катта ишнинг бир қисми эканлигимни ҳис қиламан ва бундан фахрланаман. Чунки мен танлаган касб ҳамиша талабга эга ва у олийжаноб ва зарурий касбдир”, - дейди Шерзод Сотипов.

Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати

Orqaga qaytish