Вилоятимиздаги айрим сув ҳавзалари бўйларидаги ер майдонлари олдинлари фойдаланмасдан, қаровсиз ҳолга келиб қолганди. Бироқ сўнгги вақтларда сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси ўлароқ бугунга келиб бу ерлардан унумли фойдаланган ҳолда давлат-хусусий шериклик асосида ёрдамчи хўжаликлар ташкил этилмоқда. Бу эса ўз навбатида ташкилотларнинг қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.Шундай объектлардан бири бўлган, Хива туманидаги Мелиоратив экспедицияга қарашли “Озёрний” магистраль коллекторининг ПК 302+00даги сув тўсувчи иншооти ҳам хусусий тадбиркор Ж. Матёқубовга давлат-хусусий шериклик шартномаси асосида топширилган. Ҳозирги кунга келиб сал кам 1 гектар майдонда паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик йўлга қўйилиб, томорқаларда мева, сабзавот ва полиз экинлари етиштирилмоқда.
Шу билан бирга, ички туризм салоҳиятини оширишга қаратилган бир қатор ишлар ҳам олиб борилиб, дам олувчилар жалб этилмоқда.
Мазкур тадбирлар натижасида маҳалладаги яна 10 нафар ишсиз аҳоли бандлиги таъминланиши кўзда тутилмоқда.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати