Юртимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида сув тежовчи технологияларни жорий этиш қамрови йилдан-йилга ортмоқда.
Бу борада Хоразм вилояти фермерлари томонидан ҳам ушбу технологияларнинг афзалликларини англаган ҳолда анъанавий суғоришдан воз кечиб, замонавий тизимларга фаол ўтилмоқда.
Шу муносабат билан, фермерларнинг сув тежовчи технологиялар ҳақида янада кўпроқ билимга эга бўлишларини таъминлаш мақсадида жойларда семинар ҳамда тарғибот учрашувлари мунтазам ўтказилиб келинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 3 август куни Тупроққалъа тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси мутахассислари томонидан “Охунбобоев” ҳудудидаги “Оқ олтин Питнак” фермер хўжалиги экин майдонида фермерлар учун ана шундай семинар ташкил этилди.
Семинар давомида ушбу хўжаликнинг жами 35 гектар пахта экин майдонининг 22,3 гектар қисмига жорий этилган томчилатиб суғориш тизими афзалликлари ҳамда бу йўналишда давлатимиз томонидан бериладиган имтиёз ва субсидиялар хусусида маълумотлар берилди.
Шу билан бирга, иштирокчиларга замонавий суғориш тизимларига ўтиш орқали нафақат сув ресурслари тежалиши, балки умумий маҳсулдорлик ва иқтисодий самарадорлик ҳам ошиши таъкидлаб ўтилди.
Маълумот ўрнида, Тупроққалъа тумани бўйича сув тежовчи технологияларни жорий этиш режаси 1 280 гектар қилиб белгиланган бўлиб, мавсумда 2 973 гектарга бажарилган.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати