QR-код адреса статьи


Хоразм ва Сирдарё вилоятлари сув хўжалигидаги илмий тажриба алмашинуви ҳамкорлиги

Президентимизнинг 2026 йил 2 апрелдаги «Қишлоқ ва сув хўжалиги муҳандисларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–122-сон Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича илмий маслаҳатчиси, профессор Б.Матяқубов, Сирдарё вилояти ҳокими илмий маслаҳатчиси Н.Дурдиев, “Туямўйин гидроузелидан фойдаланиш” бошқармаси раҳбари О.Тоиров ҳамда Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ бош мутахассиси Ф.Отажоновлар иштирокида сув хўжалиги соҳасидаги муҳим масалалар ўрганилди.
Туямўйин сув омбори – Амударёнинг қуйи оқимидаги Туямўйин тор дарасида барпо этилган Марказий Осиёдаги йирик гидротехника иншоотларидан бири ҳисобланади. У дарё сувини ирригация ва гидроэнергетика мақсадларида мавсумий ростлашда муҳим аҳамиятга эга. Гидроузел қурилиши 1970 йилда бошланган бўлиб, биринчи навбати 1978 йилда, тўлиқ мажмуа эса 1983 йилда фойдаланишга топширилган. Лойиҳавий умумий ҳажми 7,8 млрд м³ ни ташкил этади. Сув омбори 4 та таркибий қисмдан – Амударё ўзанидаги 1 та ўзанли сув омбори ҳамда чап соҳилда жойлашган Капарас, Султонсанжар ва Қўшбулоқ сув ҳавзаларидан иборат мураккаб гидротехник тизимдир.
Сув омбори тизимига қарашли ёрдамчи хўжаликда интенсив балиқчилик фаолияти билан яқиндан танишилди. Тажриба алмашинуви давомида замонавий аквакультура технологиялари, интенсив усулда балиқ етиштириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, озуқа базасини тўғри ташкил этиш ҳамда юқори маҳсулдорликка эришишга қаратилган илғор амалий тажрибалар ўрганилди.
Ёрдамчи хўжаликдаги ўрдакчилик йўналиши ҳам кўздан кечирилди. Паррандаларни интенсив парваришлаш, озиқлантириш тизими, маҳсулдорликни ошириш, ветеринария тадбирларини ташкил этиш ҳамда самарали бошқарув бўйича амалий тажрибалар муҳокама қилинди.
Чорвачилик (қўй ва мол) хўжалиги фаолияти билан танишиш жараёнида наслчилик ишлари, озуқа тайёрлаш, чорва парвариши, маҳсулдорликни ошириш ва ёрдамчи хўжаликларни иқтисодий самарали ташкил этиш бўйича илғор тажрибалар ўрганилди.
Мазкур йўналишлар қишлоқ ва сув хўжалигида ресурслардан комплекс фойдаланиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Илмий тажриба алмашинуви доирасида олинган амалий билим ва тажрибалар сув хўжалиги, аквакультура ва чорвачилик соҳаларида замонавий технологияларни кенг жорий этиш, соҳалар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати

Orqaga qaytish