QR-код адреса статьи


Илмий ходимлар томонидан “Шинжон” усулида томчилатиб суғориш тизимини Хоразм тупроқ шароитида ишлатиш самарадорлиги ўрганилмоқда

Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти (ИСМИТИ) ҳузуридаги Хоразм минтақавий маркази “Ирригaция тизимлари ва сувни тежайдиган технологиялар” лабораторияси мудири Ҳ.Дурдиев раҳбарлигида Хоразм вилоятининг Янгиариқ тумани “Зарбдор Таган” фермер хўжалигида Хитойнинг Шинжон технологияси асосида етиштирилаётган ғўза экин майдонида дала тадқиқотлари олиб борилмоқда.
Фермер хўжалиги томонидан жорий йилда 30 гектар майдонда “Шинжон” усулида “XIN LU ZAO 64” хитой ғўза нави экилган бўлиб, шу жумладан, алоҳида контурда 4,6 гектар тажриба майдони танлаб олинган. Чигит 76х10 схемада қўш қатор қилиб плёнка остига экилган бўлиб, суғориш ҳамда ўғитлаш ишлари томчилатиб суғориш технологияси (ТСТ) асосида амалга оширилмоқда.
Дала тадқиқот ишининг асосий мақсади ушбу ғўза навининг вилоят шароити учун янгилиги сабабли, томчилатиб суғориш тизими жорий этилганда суғориш меъёрлари ва ўғитлаш жараёнини ўрганишдан иборат.
Бундан ташқари намлик параметрларини таққослаш мақсадида “PPS-01” қурилмасидан фойдаланиб, суғоришдан ҳамда суғоришни якунлашдан олдин тупроқ намлиги аниқланмоқда.
Мазкур усулда ғўза етиштиришда фосфорли ва калийли ўғитларни экишдан олдин культиватор ёрдамида тўлиқ бериш тавсия қилинади. Тадқиқот давомида, асосан сувда яхши эрийдиган азотли ўғитлар ва микроэлементларни томчилатиб суғориш тизими орқали (фертигация) ҳамда ғўзанинг ўсиш суръатини нормаллаштириш, шона ва гуллар тўкилишининг олдини олиш мақсадида баргдан озиқлантириш ишлари олиб борилмоқда.

Пахта етиштиришда тупроқ намлигига қараб суғоришни ташкил қилиш (айниқса, томчилатиб суғориш тизими билан биргаликда) ҳосилдорликни кескин ошириш ва харажатларни камайтириш имконини беради.

Тадқиқот ишлари натижасида “Шинжон” усулида етиштирилаётган ғўза навининг тупроқ намлигига боғлиқ ҳолда суғориш меъёри аниқланиб, ўғитлаш тадбири натижалари ўрганилади ҳамда тадқиқот якуни бўйича вилоят фермер хўжаликлари учун “Шинжон” усулида томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш юзасидан илмий тавсиялар тайёрланади.

Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати

Orqaga qaytish