Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти (ИСМИТИ) ҳузуридаги Хоразм минтақавий маркази ва Хоразм вилоятининг Янгиариқ тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси билан тузилган шартномага асосан тумандаги “Озёрный” коллектори орқали суғориладиган қисмида тарқалган қумлоқ тупроқлар учун мақбул экин турини танлаш ва қишлоқ ҳўжалигида фойдаланиш мавзусидаги илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Тадқиқотдан кўзланган асосий мақсад ушбу коллектор ҳудудида канал сувлари етиб бормасдан фойдаланилмай турган ерларда коллектор сувларидан фойдаланган ҳолда мақбул қишлоқ ҳўжалиги экин турини танлаш ва илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқишдир.
Ҳозирги кунгача Хоразм минтақавий маркази “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолаш, самарадорлигини ошириш техника ва технологиялари” лабораторияси мудири У.Шарипов раҳбарлигида коллектор ҳудудидан тажриба майдони танланиб, календарь режа асосида тажриба майдони тупроқларидан намуналар олиниб шўрга ва сувсизликка чидамли экин турлари экилди.
Шунингдек, тажриба майдонида зарур бўлган агротехник тадбирлар, ўғитлаш, фенологик кузатувлар ва суғориш ишлари амалга оширилмоқда.
Ер ости сизот сувлари сатҳини доимий тарзда кузатиб бориш учун кузатув қудуғи ўрнатилган бўлиб, ҳар хафта ўлчов ишлари бажарилиб, суғориш ва ер ости сувларидан намуналар олиниб лаборатория таҳлиллари амалга оширилмоқда.
Тадқиқот якунида мазкур ҳудуд тупроқ шароити учун мос келадиган, коллектор сувларидан фойдаланган ҳолда иқтисодий самарадорлиги юқори бўлган қишлоқ ҳўжалиги ва чорвачиликда фойдаланиш мумкин бўлган экин турлари бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилади.
Илмий тадқиқот натижалари асосида ишлаб чиқиладиган илмий тавсиялар вилоятнинг бошқа тупроқ иқлим шароити ўхшаш бўлган коллектор ва зовур сувларидан фойдаланиб деҳқончилик қиладиган фермер хўжаликлари учун илмий-амалий тавсия сифатида қўллаш мумкин бўлади.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати