QR-код адреса статьи


ФЕРМЕРЛАР ТОМОНИДАН СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Айни кунларда Хоразм вилояти фермерлари томонидан “Сув текин эмас” ғоясини ўзлари англаб, атрофдагиларга ҳам бу ғоя мазмун-моҳиятини сингдирган ҳолда ўз пахта далаларига суғориш ишларини амалга оширишда сув тежовчи технологияларни, хусусан, “Кавсар” технологиясини жорий этиш давом этмоқда.
Ана шундай фермерлардан бири - Хива туманининг “Эски Қиёт” ҳудудидаги “Рўзмат мулла” фермер хўжалиги ҳам ўзининг жами 50 гектар пахта экин майдонининг 15 гектар қисмини ушбу қурилма ёрдамида суғориб келмоқда.
Шу муносабат билан, бугун мазкур хўжалик мисолида туман фермерлари билан тарғибот учрашуви ўтказилди.
Унда, мутахассислар томонидан замонавий сув тежовчи технологиялар, хусусан, “Кавсар” технологияси техник тузилиши, унинг самарадорлиги, афзалликлари ва амалий қўлланилиши ҳамда пахта етиштириш жараёнидаги муҳим жиҳатлари тўғрисида тушунтиришлар, шу билан бирга, ушбу технологияни ўз иш фаолиятларига қандай самарали жорий қилишлари бўйича амалий тавсиялар берилди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имконига эга бўлдилар.

Ҳозирда Хива тумани фермерлари томонидан умумий ҳисобда 5 дона “Кавсар” тизими жорий этилиб, 75 гектар экин майдонлари суғорилиб келинмоқда.

Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати

Orqaga qaytish