QR-код адреса статьи


СУВ РЕСУРСЛАРИНИ ТЕЖАШ – ДАВР ТАЛАБИ!

Бугунги кунда глобал иқлим ўзгариши ва сув ресурсларининг камайиши даврида қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш энг долзарб масалага айланди. Шу боис, Хоразм вилояти фермерлари анъанавий суғориш усулларидан воз кечиб, инновацион ва тежамкор технологияларни фаол жорий этмоқдалар.
Муваффақиятли қўлланилаётган шундай усуллардан бири экин далаларини “Кавсар” (дискрет) технологияси ёрдамида суғориш тизимидир.
Дискрет суғориш — бу далага сувни узлуксиз эмас, балки маълум бир вақт оралиғида, қисқа танаффуслар ва навбат билан (порциялаб) етказиб бериш усулидир.
Ушбу тизим қуёш панеллари ёрдамида электр энергиясиз ишлайдиган мобил суғориш қурилма бўлиб, ер майдонларни қулай ва автоном тарзда суғориш имконини беради. 
Бу тизимнинг афзалликлари сифатида сув ресурсларини камида 20-30 фоизгача тежалиши, тупроқнинг унумдор қатлами ювилиб кетмасдан, эрозия хавфи камайиши ҳамда энг муҳими – экинларнинг илдиз тизими меъёрида намлик ва кислород билан таъминланиши ва бунинг натижасида ҳосилдорлик юқори бўлишини келтириш мумкин.
Ушбу технологияни қўллаб келаётган фермерлар қаторида Урганч туманидаги “Ҳамробек Ҳурматбек” фермер хўжалиги ҳам ўрин олган бўлиб, ҳозирда хўжаликнинг умумий 24 гектар пахта экин майдонининг 15 гектар қисми “Кавсар” орқали суғорилмоқда.
 
Маълумот ўрнида, ҳозирда туман фермерлари томонидан 4 тўплам қурилма харид этилган бўлиб, улар ёрдамида жами 60 гектар экин майдонлари суғорилиб келинмоқда.

Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати

Orqaga qaytish