Вилоятимиз фермерлари томонидан далаларни суғоришда кўчма эгилувчан қувурлардан фойдаланиш сув тежашнинг энг оммабоп ва самарали усулларидан бири сифатида изчил давом эттирилмоқда.
Бугунги кунда ушбу технология сув ресурсларини беҳуда исроф бўлишини олдини олишда муҳим ечимлардан бири ҳисобланмоқда.
Бу қувурлар енгил ва жуда эгилувчан бўлиб, уларни турли хил шаклда ўрнатиш ва ҳаракатлантириш мумкин. Улар суғориш жараёнини самарали ва иқтисодий жиҳатдан фойдали қилишга ёрдам бермоқда.
Жумладан, Ҳазорасп туманининг “Бўстон” ҳудудидаги “Бўстонлик Шоҳмирзо” фермер хўжалиги ҳозирда ўзининг жами 45 гектар пахта экин даласининг 20 гектар қисмини ҳамда “Мухомон” ҳудудидаги “Атабек Қодир” фермер хўжалиги 28 гектар пахта майдонининг 15 гектарини эгилувчан қувурлар орқали суғориб келишмоқда.
Шунингдек, шулар қаторида Боғот туманининг “Ўзбекистон” ҳудудидаги “Анвар Аҳмад” фермер хўжалиги ҳам бўлиб, 56,7 гектар пахта даласининг 20 гектари эгилувчан қувур ёрдамида суғориб келинмоқда.
Бугунгача Ҳазорасп ҳамда Боғот туманлари фермерлари томонидан жами 27 дона тўпламдан эгилувчан қувурлар харид этилган бўлиб, улар орқали ҳар бир туманнинг 540 гектардан экин майдонлари суғорилмоқда.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати