Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва суғоришда тежамкор технологияларни жорий этиш мақсадида Хоразм вилояти ҳудудларида фермерлар билан тарғибот учрашувлари ўтказилиши давом этмоқда.
Хусусан, бугун Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мутахассиси Ш.Курязов томонидан Янгибозор туманининг “Қаландар дўрман” ҳудудидаги “Эрка Ибрайим” фермер хўжалиги экин даласида туман фермерлари билан учрашув ташкил этилди.
Ушбу фермер хўжалиги томонидан 20 гектар ғўза майдонида эгилувчан қувур орқали суғориш ишлари бошлаб юборилган бўлиб, иштирокчилар мазкур жараёнларни ўзлари кузатиб, унинг бир қанча афзалликларига гувоҳ бўлишди.
Тадбир давомида фермерларга ушбу технологиянинг техник ва иқтисодий фойдалари, яъни сув тежамкорлиги - 20-30 фоизгача сув тежаши, ариқ қазиш, сув тароқлаш каби қўл меҳнатига эҳтиёж қолмаслиги, суғориш вақти сезиларли даражада қисқариши, энергия ва ёнилғи тежалиши, шунингдек, ернинг меъёрида ва бир текис суғорилиши натижасида тупроқ эрозияси камайиб, ўғитлар ювилиб кетмаслиги, бу эса ўз навбатида ҳосилдорликни 10-15 фоизга ошириши бўйича тушунтиришлар берилди.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати