Сувдан оқилона фойдаланиш энг устувор вазифалардан бири бўлган ҳозирги даврда мазкур масаланинг ечими сифатида Хоразм вилояти ҳудудларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермерлар учун сув тежовчи замонавий технологияларни кенг жорий этишга бағишланган тарғибот ўқув-семинарлари ўтказилиб келинмоқда.
Шу муносабат билан Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда туманлардаги “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси мутахассислари томонидан ташкил этилган навбатдаги ўқув семинарлари Хонқа ва Урганч туманларидаги “Боғибек Жонибек ҳамда “Санжар-Сарвар” фермер хўжаликларида бўлиб ўтди.
Семинарда соҳа мутахассислари томонидан анъанавий суғориш тизимидан воз кечиб, инновацион технологияларга ўтишнинг афзалликлари атрофлича тушунтириб берилди.
Хусусан, томчилатиб, ёмғирлатиб ва дискрет суғоришлар ҳамда лазерли текислаш усулларининг иқтисодий ва экологик самарадорлигига тўхталиб ўтилиб, ушбу технологиялар нафақат сув ресурсларини асраш, балки экинлар ҳосилдорлигини ўртача 15–20 центнерга ошириш имконини бериши таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, мазкур технологияларни қўллашда давлат томонидан берилаётган имтиёз ва субсидиялар ҳамда “suvkredit.uz” ва “agrosubsidiya.uz” порталлари тўғрисида маълумотлар берилди.
Семинар якунида иштирокчилар ушбу хўжаликларнинг томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган ғўза экин майдонларига чиқиб, суғориш ускуналарининг ишлаш жараёни ва уларни монтаж қилиш қоидалари билан яқиндан танишдилар.
Бу каби тарғибот тадбирлари томорқа ҳамда деҳқон хўжаликларида ер ва сувдан унумли фойдаланиш маданиятини юксалтиришга, юртимизнинг экологик барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати