QR-код адреса статьи


ИЛМИЙ-ТЕХНИК КУЗАТУВ ИШЛАРИНИНГ НАВБАТДАГИ МАНЗИЛИ – ШОВОТ ТУМАНИ

Сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва сув тежовчи технологияларнинг ҳолати билан танишиш мақсадида “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети профессори, Хоразм вилояти ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича илмий маслаҳатчиси Б.Матёқубов томонидан олиб борилаётган илмий-техник кузатув ишлари Шовот туманида ўтказилди.
Кузатув ишларида туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ходимлари ҳамда Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мутахассиси Ф.Отажоновлар иштирок этишди.
Тадбир давомида туманнинг “К.Раҳимов” ҳудудидан оқиб ўтувчи “Бег яп” каналининг ПК74+60 қисмида жойлашган муҳандислик сув тақсимоти иншооти фаолияти яқиндан ўрганилди. Мазкур канал ва ундаги гидротехник иншоотлар бундан 5 йил аввал реконструкция қилинган бўлиб, ҳозирда сув тақсимоти асосан автоматик равишда бошқарилмоқда.
Шу билан бирга, мутахассислар тумандаги “Эргаш Рўзимов”, “Абдулла Қаландар Тожибой”, “Болтаев Миркомил”, “Руслан Усмон Сардор”, “Элнур Элнура” ва “Ҳулкар Мадина” фермер хўжаликларида бўлиб, экин майдонларда ғалла ва ғўза етиштиришда қўлланилган ёмғирлатиб суғориш ҳамда “Шинжон” усулидаги томчилатиб суғориш технологияларидан самарали фойдаланилаётганлиги кузатилди.
Кузатув ишлари давомида фермерлар томонидан берилган барча саволларга соҳа мутахассислари атрофлича маълумотлар ва илмий асосланган тавсиялар беришди.
Маълумот учун: 2026 йил ҳолатига кўра, Шовот туманида жами 5 259 гектар экин майдонида сув тежовчи технологиялар жорий этилган бўлиб, шундан, томчилатиб суғориш 516 га, ёмғирлатиб суғориш 150 га, дискрет суғориш 150 га, эгилувчан қувурлар билан суғориш 40 га, плёнка тўшаб суғориш 192 га ва лазерли текислаш 4 212 гектарни ташкил этади. Айни пайтда туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси балансида жами 23 та суғориш тармоғи мавжуд бўлиб, сув исрофини камайтириш мақсадида 2025-2026 йиллар давомида ушбу суғориш тармоқларининг жами 17,1 км узунликдаги қисмида бетонлаш ишлари амалга оширилган.

Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати

Orqaga qaytish