Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги “Боғдорчи” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи “Дўрман-1” коллекторига қуювчи “ДД-13” ички зовурининг ПК-Р+90 дан ПК 11+30 гача бўлган қисми ноқонуний кўмилганлиги ва бу муаммони бартараф этиш юзасидан маҳалла аҳолиси томонидан мурожаат қилинган.
Мазкур мурожаат ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асосида ушбу ҳолат Мелиоратив экспедиция ходимлари томонидан тезкорлик билан ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар натижасида зовурнинг муайян қисми ўзбошимчалик билан тупроқ тўкиб кўмилганлиги ва бунинг натижасида зах сувларни чиқариб юборувчи зовур тармоғи тўсилганлиги аниқланди.
Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида объектга махсус техникалар жалб этилиб, зовурнинг кўмилган қисми тўлиқ тозаланди.
Шу билан бирга, мутасадди ташкилотлар томонидан қонунбузарлик содир этган фуқаролар аниқланиб, уларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий чоралар кўрилган.
Маҳалла фаоллари ва аҳоли мурожаатга беэътибор бўлмай, муаммони қисқа муддатда ҳал этган мутасадди ташкилотларга ўз миннатдорчиликларини билдиришди.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати