Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 апрелдаги “Қишлоқ ва сув хўжалиги муҳандисларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-122-сонли Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Хоразм вилоятининг Гурлан туманида ирригация соҳасида амалга оширилган ишлар билан танишиш бўйича илмий-техник кузатув тадбири ўтказилди.
Унда туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ходимлари ҳамда “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети профессори, вилоят ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича илмий маслаҳатчи Б.Матёқубовлар иштирок этишди.
Тадбир давомида туман ҳудудларига ташриф буюриб, “Гурлан Глобал текс” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Тунқатор”, “Юлдаш Ўлмасбек”, “Чин заргар” фермер хўжаликларининг ғўза ва ғалла экин майдонлари кўздан кечирилди.
Ушбу экин майдонларида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган бўлиб, мутахассислар томонидан тизимнинг фойдаланиш жараёнлари хусусида тўхталиб ўтилди, шу билан бирга, экинларнинг ўсиш-ривожланиши ҳамда тизим ҳолати ва ишлатилиши бўйича илмий-амалий тавсиялар берилди.
Кузатув ишлари давомида фермерлар берган барча саволларга соҳа мутахассислари томонидан атрофлича ва асосли жавоблар берилди.
Маълумот ўрнида: туманда жорий йилда жами 3 360 га майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Жумладан, 778 га пахта майдонларга томчилатиб суғориш технологияси, 160 га пахта майдонларига дискрет суғориш, 80 га пахта майдонларига эгилувчан қуврлар орқали суғориш ҳамда 2 342 га майдоларда лазерли текислаш ишлари амалга оширилган.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати