QR-код адреса статьи


БЎЛАЖАК МУТАХАССИСЛАР УЧУН ДАЛАДА АМАЛИЙ МАШҒУЛОТЛАР ЎТКАЗИЛДИ

Урганч туманидаги Пахта селекцияси илмий-тадқиқот институти Хоразм илмий-тажриба станциясида ТИҚХММИнинг “Гидромелиорация” факультети ҳамда Урганч давлат университетининг “Агрономия” йўналиши талабалари учун амалий семинар ташкил этилди.
Дала шароитида ўтказилган машғулотларда талабаларга илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, тажриба майдончаларини жойлаштириш ва фенологик кузатувлар олиб бориш бўйича амалий кўникмалар берилди.
Семинар давомида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, суғориш жараёнларини бошқариш ва сув тақсимотини назорат қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, иштирокчилар томчилатиб суғориш тизимларининг ишлаш механизми, фильтр ва насос ускуналарининг вазифалари ҳамда бир гектар майдон учун сув сарфини ҳисоблаш тартиби билан танишдилар.
Мутахассислар томонидан томчилатиб суғориш технологияси сув ва минерал ўғитларни тежаш, ҳосилдорликни ошириш ва ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга экани амалий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбир давомида талабалар назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, замонавий агротехнологиялар ва сув тежовчи усулларни қўллаш бўйича қўшимча маълумотларга эга бўлдилар.

Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати

Orqaga qaytish