Ҳозирги даврда сув тақчиллигини олдини олишда ирригация тизимларига ўрнатилган сув ҳисоб-китобини юритувчи рақамли қурилмаларнинг тўғри ва узилишларсиз ишлаши муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Шу муносабат билан “Сувхўжаликназорат” инспекцияси вилоят бошқармаси ходимлари томонидан Шовот туманидаги канал ва коллекторларга ўрнатилган “Ақлли сув” қурилмаларининг ишчи ҳолати бўйича ўрганишлар олиб борилди.
Ўрганишлар давомида қурилмалар томонидан қайд этилган сув сарфи кўрсаткичлари онлайн режимда Сув хўжалиги вазирлигининг ягона ахборот базасига автоматик равишда ва тўғри интеграция қилинишини таъминлаш, сув объектлари, каналлар ва гидроузеллардаги датчик ҳамда ўлчагичларнинг ташқи таъсирлар, яъни лойқаланиш, механик шикастланишлар оқибатида носоз ҳолга келмаганлиги кўздан кечирилди.
Сувни ўлчовчи бу каби рақамли технологияларни соҳага кириб келиши инсон омилига чек қўйиб, сув тақсимотида шаффофликни таъминлаш ва маълумотларни сохталаштириш хавфларини бартараф этишга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясига мувофиқ Хоразм вилояти сув хўжалиги объектларига 2025 йилда 18 дона “Ақлли сув” ва 222 дона “Дайвер” қурилмалари ўрнатилди; 4 та йирик сув хўжалиги объектларининг бошқарув жараёнлари автоматлаштирилди ҳамда 37 дона насос станцияларида сув ҳисобини онлайн мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилди.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати