Кеча, 20 май куни Шовот тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси маъмурий биносида “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари фаолияти ва cув ресурсларидан фойдаланиш, гидрометрия хизмати” мавзусида семинар ўтказилди.
Унда Сув хўжалиги вазирлиги мутахассиси А.Кулматов ҳамда Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бўлим бошлиғи Ж.Болтаевлар иштирок этишди.
Семинарда сув ресурсларидан фойдаланишда лимитларни тўғри тақсимлаш, сув йўқотишларини камайтириш, сув ўлчаш постларини модернизация қилиш ва сув ҳисобини юритишда шаффофликни таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, сув олиш лимитларини истеъмолчилар кесимида шакллантириш, шартномавий мажбуриятлар ва сув ҳисоб-китобини юритиш тартиблари атрофлича тушунтирилиб, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш қамровини кенгайтириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Шунингдек, ходимларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-47-сон Қарори ҳамда Сув кодекси мазмун-моҳияти ва аҳамиятлари тушунтирилди.
Хусусан, мазкур Қарорда 2026-2028 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар ҳажмини янада ошириш ҳамда бунинг ҳисобига ҳар йили 5 миллиард куб метр сув ресурсларини тежаш белгилаб ўтилганлиги таъкидланди.
Семинар сўнггида масъул ходимларга сувдан фойдаланиш қоидалари бузилишининг олдини олиш, сув танқислиги шароитида ҳар бир томчи сувдан унумли фойдаланиш бўйича қатъий топшириқлар берилди.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати