Жорий йилнинг 15 май куни Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти ҳузуридаги Хоразм минтақавий маркази (Марказ) томонидан Янгиариқ туманидаги “Зарбдор Таган” фермер хўжалигида “Қишлоқ хўжалиги экинларини ўғитлашда тупроқ унумдорлиги кўрсаткичларининг аҳамияти” мавзусида дала-амалий семинари ташкил этилди.
2026 йилда мазкур фермер хўжалигида жами 28 гектар майдонда “Шинжон усули”да пахта экилиб, томчилатиб суғориш тизими (ТСТ) жорий этилди. Шундан алоҳида контурда 4,6 га майдон фермер хўжалиги раҳбари билан келишган ҳолда Марказ илмий ходимлари томонидан тажриба участкаси сифатида танланди.
Ушбу семинарда иштирок этган туман фермер хўжаликлари рахбарлари ҳамда сув хўжалиги ташкилотлари мутахассисларига Марказнинг “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолаш, самарадорлигини ошириш техника ва технологиялари” лабораторияси мудири У.Шарипов ва илмий ходим Р.Хўжаниязовлар томонидан ТСТ орқали ўғитлаш жараёни амалда намойиш этилди.
Шу билан бирга, ТСТ ва одатий эгат олиб суғоришда дастлаб тупроқ унумдорлиги кўрсаткичларини аниқлаб, кейин ўғитлашни ташкил этишнинг аҳамиятлари ва тупроқ намлиги, шўрланиш даражаларини кондуктометрлар ёрдамида назорат қилиш тушунтирилди.
Шунингдек, “Ирригация тизимлари ва сувни тежайдиган технологиялар” лабораторияси мудири Х.Дурдиев ва Марказ илмий ходимлари томонидан ТСТдан самарали фойдаланиш бўйича ҳамда фермерлар томонидан берилган саволларга илмий ечимга эга тавсиялар берилди.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати