Хоразм вилояти
Сўнгги йилларда ташкилот ва идораларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларни моддий рағбатлантириш, шунингдек, корхонларнинг ривожлантириш жамғармаларига маблағлар тушириш мақсадида ёрдамчи хўжаликлар ташкил этилиб, у ерда чорва моллари, паррандалар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйишга катта эътибор берилмоқда.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 5 апрель куни Хонқа тумани “Намуна” ҳудудидаги “Р-9” каналининг ПК132+00 қисмида вилоят сув хўжалиги ташкилотлари томонидан мазкур йўналишда амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан семинар ўтказилди.
Унда Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи ўринбосари ҳамда барча тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди.
Семинарда муҳокама этилаётган масалалар Хонқа тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси томонидан ушбу объект атрофидаги ер майдонида ташкил этилган ёрдамчи хўжалик мисолида таҳлил этилди, шу билан бирга, етиштирилаётган маҳсулотлар ҳажмини янада ошириш борасида кўрсатмалар берилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Хонқа тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси тасарруфидаги сув хўжалиги объектлари атрофида ташкил этилган хўжаликларда ҳозирги кунда умумий ҳисобда 68 бош қорамол, қўй ва эчкилар, 1 140 дона ҳар хил паррандалар, 89 дона қуён, 38 қутида асаларилар, бундан ташқари, жами 3,8 гектар ер майдони ҳамда иссиқхоналарда мева, сабзавот ва дон маҳсулотлари етиштирилмоқда.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати