Жорий йилнинг 3 апрель куни “Сувхўжаликназорат” инспекцияси Хоразм вилояти бошқармаси томонидан сувдан самарали фойдаланиш ва гидротехник иншоотларни беталофат ишлатишга бағишланган навбатдаги семинари “Урганч-арна” каналининг Урганч туманидаги ПК95+00даги гидроиншоотида ўтказилди. Унда инспекция, Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари мутахассислари иштирок этишди.
Семинарда объектнинг хавфсизлигини таъминлаш, яъни табиий ва техноген омиллардан ҳимоя қилиш ҳамда сувдан самарали фойдаланиш мақсадида тизимли техник назорат, мониторинг ва режали таъмирлаш ишлари амалга оширганлик ҳолати таҳлил қилиниб, режа-топшириқлар юзасидан кўрсатмалар белгиланди.
Шу билан бирга, ходимларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 30 августдаги “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги ЎРҚ-865-сонли Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 829-сонли қарорлари билан таништирилиб, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти бўйича тушунтиришлар берилди.
Маълумот ўрнида, ушбу гидроиншоот 1938 йил қурилган бўлиб, сув ўтказиш қобилияти 15 м³/секундни ташкил қилади; 2 та ровоқдан иборат; гидроиншоотдан “Дўстлик яб” ва “Урганч яб” каналлари сув олади; Урганч тумани ва шаҳри, шунингдек, Янгибозор туманларининг жами 3 300 гектар ер майдонларини сув билан таъминлайди.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати